Жамият | 22:03 / 07.11.2016
29096
3 дақиқада ўқилади

Суд Тўхтар Тулешовнинг ўнлаб уйлари, машиналари, от ва туяларини мусодара қилди

Қозоғистон суди давлат тўнтаришига уринишда айбланган қозоғистонлик тадбиркор, «Чимкентпиво» заводи эгаси Тўхтар Тулешовнинг отлари, туялари, автомобиллари ва уйларини мусодара қилди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берган.

Бугун суд ҳаками Ербол Ахметжановнинг ҳукми асосида айбланувчининг мусодара этиладиган мулки рўйхати тузилган:
- 30 бош от, улардан 11таси зотдор;
- бир туя ва икки туя боласи;
- Туркистондаги ер участкаси;
- 10та хусусий уй, Чимкентдаги 2та квартира;
- Mitsubishi, Toyota Land Cruiser, Bentley, ўнлаб Chevrolet, Toyota Land Cruiser 200, BMW, Mercedes, Porsche Cayenne, бир нечта Toyota Camry ва Toyota Prado, Volkswagen, Infiniti, Rolls-Royce ва Lexus русумли автомобиллар (жами 40дан ошиқ);
- 22та заргарлик станоги;
- 183 дона тилла тақинчоқлар;
Бундан ташқари, пул воситалари мусодара этилган.

"Тулешов, Жумабаева Ораскул, Есенбаева Надия, Сауканбекова Саула, Нуралина Дина номидаги карта ҳисоблари, Досамбаеванинг уйи тинтув қилиниши вақтида топилган 50 000 доллар, 18 000 доллар, 855 евро, 1 370 рубль, 15 турк лираси, 91 000 ўзбек сўми, 5 281 тенге", - дея ҳукм қилган судья.

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодекси 58-моддаси 4-бандига асосан, жиноятларга тайинланувчи жазо муддатларини қисман умумлаштириш йўли билан Тулешовга 21 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

30 январь куни Чимкентда полиция махсус операцияси чоғида қўлга олинган бизнесменни Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси маҳаллий тадбиркорни ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаганди.

Терговда Тулешов ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга олдинроқ тайёргарлик кўриб борган, ўтган йилдан бошлаб эса бунга фаол киришгани аниқланган. Унинг ҳаракат режаси кескинлик ўчоқларини яратиш, норозилик намойишлари ва оммавий тартибсизликлар ташкил этиш орқали мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришни кўзда тутгани, шу йўл билан муқобил ҳукумат тузиш ва амалдаги ҳокимият тизимини ўзгартириш ниятида бўлгани қайд этилган.

Шу мақсадда у Қирғизистонда 2005 ва 2010 йилларда содир бўлган воқеаларни пухта ўрганиб чиққани таъкидланган.

Қозоғистон МХҚ маҳаллий тадбиркорни давлат тўнтариши амалга оширишга уринишда айблади

Интернетда Чимкентда ҳибсга олинган тадбиркорнинг қизининг туғилган кунидан олинган видео пайдо бўлди

Мавзуга оид