Жамият | 11:42 / 09.11.2016
45324
2 дақиқада ўқилади

Эркаклардаги тестостерон гормонини қандай кўтариш мумкин?

Фото: viardoforte.ru

Япониялик олимлар аэробика машқлари ёрдамида ортиқча вазнга эга эркакларда тестостерон даражасини кўтаришга муваффақ бўлишди. Натижалар ҳақида The American Physiological Society маълум қилди. 

Цукуби ва Рютсу Кейзай университетларининг тадқиқотчилари 16 нафар нормал вазнга эга ҳамда 28 нафар ортиқча вазнли ёки семизликдан азият чекувчи эркаклар иштирокида изланиш олиб боришди. Унга кўра, ортиқча вазнли кишиларда тестостерон даражаси паст бўлган. Улар 12 ҳафта давомида ҳафтада 1-3 марта сайр қилишган ёки 40-60 дақиқадан югуришган.

Тадқиқот якунида ортиқча вазнга эга кишиларда тестостерон даражаси нормал вазнли кишиларникидек бўлмаса-да, анча кўтарилганлиги кузатилган. 

"Тестостерон – эркаклар жинсий гормони. Унинг меъёрдан кам бўлиши соғлиқ билан боғлиқ турли муаммоларга олиб келади, - таъкидлашди тадқиқотчилар. - Семизлик - дунёдаги энг катта муаммолардан бири - тестостерон гормонининг пасайишига олиб келади". Олимларнинг сўзларига кўра, гормон етишмовчилигининг асосий белгилари - чарчоқ, жинсий фаолликнинг сусайиши, мушак ва суяк массасининг камайиши. 

Мавзуга оид