Жамият | 18:06 / 18.11.2016
15325
3 дақиқада ўқилади

«Агар чарчашни хоҳламасанг, чарчагин!»

Бу дунё синов дунёси, унда ҳамма нарса меҳнат, машаққатга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради. Ким дангасаликка ўрганиб, мунтазам равишда роҳатга майл қилса, роҳатдан маҳрум бўлади ёки унга асло эришолмайди. Шунинг учун ҳам донолар: «Агар чарчашни хоҳламасанг, чарчагин!» дейишган. Яъни «Машаққатлардан қутулиб, роҳатга эришмоқчи бўлсанг, аввал машаққат билан меҳнат қил, ундан кейин чеккан машаққатларинг эвазига умр бўйи роҳатда яшайсан», деганидир бу. 

Яна дебдиларки: «Дангасалик ва жиззакиликдан эҳтиёт бўл. Зеро, дангаса бўлсанг, ҳақни адо қилолмайсан. Борди-ю жиззакилик қилсанг, ҳаққа сабр қилолмайсан». Яъни эринчоқ, дангаса одам зиммасидаги вазифаларини мукаммал адо қилолмайди, Рабби фарз, вожиб қилган ишларни амалга оширишга сабри етмайди. Жиззаки, асабий, фақат нолишни биладиган, норози одам эса Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлган мусибат, йўқотиш ва ҳоказоларга сабр қилолмайди. «Ҳақни адо қилолмайсан» ва «ҳаққа сабр қилолмайсан» деган сўзларнинг маъноси шундай.

Дангасалик, ишёқмаслик барча кулфатларнинг бошидир. Камбағаллик айб эмас, аммо у ялқовлик сабабидан келган бўлса, катта айбдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Эринчоқлик ва ишёқмаслик бир-бири билан турмуш қурди, натижада уларнинг ўртасида фақирлик туғилди». Ҳа, қайси бир кишида ожизлик, ношудлик ва дангасалик мужассам бўлса, у инсон фақирликка юз тутади. Дангасалик ва ожизлик уруғини ерга қадаган одам, алалоқибат қашшоқлик ҳосилини йиғиб олади. Ожизлик деганда ўз иқтидорини баҳолай билмаслик, ўзига ишонмаслик, «қила олмайман», «қўлимдан келмайди», «уддасидан чиқолмасам-чи?» деган қўрқув ва хавотирларга берилиб, бирор ишга қўл уришга ботина олмаслик тушунилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўраганлар. У киши қуйидаги дуони жуда кўп ўқирдилар: 

«Ё Аллоҳ, мен Сендан ғам ва қайғудан, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ беришингни сўрайман» (Абу Довуд, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ғам ва қайғу бир-бирига жинсдош нарсалар бўлгани каби дангасалик ва ожизлик ҳам бир-бирига ўхшаш нарсалардир. Шу боис ҳам улар ҳадисда ёнма-ён зикр қилинган. Пайғамбаримиз, паноҳ сўрабдиларми, демак танбаллик чиндан ҳам ёмон нарса экан.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид