Ўзбекистон | 10:00 / 25.11.2016
14963
4 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ миссияси Ўзбекистонда сайловолди кампанияси вақтида дебатлар ўтказилмаётганига эътибор қаратди

Фото: «112.ua»

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси 24 ноябрь куни эълон қилинган оралиқ ҳисоботида номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказишдаги фаоллигини қайд этган. Шу билан биргаликда сайловолди кампанияси жараёнида номзодлар иштирокида сиёсий дебатлар ўтказилмаганига эътибор қаратилган.

Ҳисобот жорий йилнинг 2 ноябридан 20 ноябригача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш якунлари бўйича тайёрланган.

«2015 йилнинг мартидаги президентлик сайлови якунларига кўра, шу йилнинг декабрида «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларда сиёсий дебатлар ўтказилиши назарда тутилган бўлишига қарамасдан, ҳозирча дебатлар бўлмади», дейилган ҳисоботда.

Миссия маълумотларига кўра, барча номзодлар ҳукуматни ёки бир-бирини танқид қилишдан тийилмоқда. Уларнинг ҳар бири сайловчиларнинг алоҳида табақалари овозига эга бўлишни кўзлагани қайд этилган.

Шу билан бирга миссия президентликка номзод бўлмишларнинг бутун мамлакат бўйлаб сайловчилар билан кўпдан-кўп учрашувлар ўтказаётганини алоҳида қайд этган.

«Ҳокимият ўтказилиши изчиллик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилмоқда. Жамиятда бунга ишонч кучлидир», дейилган оралиқ ҳисоботда.

Ҳисоботда сайлов комиссияларини шакллантиришнинг демократик тартиби таърифланган. Сайлов комиссиялари ҳокимиятнинг ижро этувчи тармоғининг иштирокисиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таклифлари асосида жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари томонидан шакллантирилади.

«Сайловчиларни хабардор қилиш бўйича комплекс ва интенсив кампания» ДИИҲБ экспертларининг диққат-эътиборини ўзига қаратган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов амалиётида биринчи марта Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш дастури қабул қилинганлиги таъкидланди. Ушбу дастурда бировнинг ўрнига ҳам овоз бериш каби ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги ишлар алоҳида ўрин эгаллайди. Дастурни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этмоқда. Ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида теледастурлар тайёрлаш ва сурдотаржимаси билан бирга эфирга узатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди. Марказий сайлов комиссияси таклифи сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши билан дарҳол юборилган эди. ЕХҲТ ДИИҲБ билан кузатиш форматидаги ҳамкорлик анъанага айланиб улгурган. Ушбу ташкилот миссиялари 1999 йилдан буён Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда.

Сайловни кузатиш миссияси — асосий гуруҳ, 28 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек 250 кишидан иборат қисқа муддатли кузатувчилардан иборат таркибда тузилган. Улар овоз бериш куни сайлов участкаларида тизимли кузатувни амалга оширади. Қисқа муддатли кузатувчилар Ўзбекистонда 2-6 декабрь кунларида фаолият кўрсатади.

Мавзуга оид