Парламент қуйи палатасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар ўз ишларини “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Муҳокама чоғида депутатлар алоҳида таъкидладиларки, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у биринчи навбатда фуқаролар жумладан, тадбиркорларнинг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига ишончини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, коррупцияга қарши курашиш борасида давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга, шунингдек жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга қаратилгандир.
Шундан сўнг парламент қуйи палатаси депутатлари “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳасида, хусусан, маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш, жойлаштириш ва сақлаш, уларни кўрикдан ўтказиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби, шунингдек маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш режимини таъминлаш чора-тадбирлари, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари каби масалалар назарда тутилган. Шунингдек, қонун лойиҳасида бундай шахсларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва юридик ёрдам кўрсатишга, уларнинг фуқаролик-ҳуқуқий битимларда ҳамда оилавий муносабатларда иштирок этишига, улар томонидан мурожаатлар, почта жўнатмалари ва йўқловларни бериш ва олишга, махсус қабулхона ҳудудидан четга чиқишига тааллуқли нормалар, шунингдек маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш жойлари, уларнинг моддий-маиший ҳамда тиббий таъминотига доир асосий талаблар мустаҳкамлаб қўйилган.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси сиёсий партиялар фракциялари нуқтаи-назарларини инобатга олган ҳолда қизғин ва эркин мунозара шаклида бўлиб ўтди. Депутатлар мазкур қонунларни қабул қилиш ҳамда уларни Сенатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Мавзуга оид
18:30 / 18.11.2024
Қонунчилик палатаси қўмиталарига раислар сайланди
14:59 / 18.11.2024
Шавкат Мирзиёев қайси масалаларда янги қонунлар керак бўлаётганини санаб ўтди
14:37 / 18.11.2024
Бюджет харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаяпти — президент
14:12 / 18.11.2024