Ўзбекистон | 18:25 / 28.11.2016
5417
3 дақиқада ўқилади

Хатамжон Кетмонов ўқиш учун шартнома пулларини тўлаётган корхоналарни рағбатлантириш лозимлигини айтди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов 28 ноябрь куни Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Қирғизбоев очди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили А.Тошматов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Сирдарё вилояти ўзининг юқори иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, географик жойлашуви билан мамлакатимиз тараққиётида ўзига хос муҳим ўрин тутади. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида мустақиллик йилларида вилоятда ана шу салоҳиятни янада ошириш йўлида катта ютуқлар қўлга киритилди. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 2010 йилдан буён 1,6 баробар ошди, кейинги беш йилда унинг таркибида саноат маҳсулотлари 1,6 марта ўсди. Бу борада айниқса, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали катта аҳамият касб этаётир.

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувлари ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш, “Кексаларимиз учун муносиб пенсия таъминоти!”, “Биз кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!” шиорлари негизида мамлакатимиз равнақи, улғайиб келаётган ёш авлодга озод ва обод Ватан қолдириш борасидаги ишларга ўз ҳиссасини қўшган кекса авлоднинг турмуш шароитини янада яхшилаш ғояси илгари сурилган.

Ўқиш учун шартнома пулларини тўлашга қийналаётган кам таъминланган оилалар фарзандларининг шартнома пулларини тўлаётган корхоналарни, юртимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни рағбатлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.

Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё тумани кенгаши раиси М.Аҳмедов, партия Гулистон тумани кенгаши раиси М.Маматкаримова, Сирдарё тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири ўринбосари Ш.Йўлдошева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар хусусида фикр билдирди. Сайловчиларни Ватанимиз келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Мавзуга оид