Спорт | 21:32 / 16.12.2016
18361
4 дақиқада ўқилади

Миржалол Қосимов «Бунёдкор»да?

«Бунёдкор» жамоаси бош директори Бахтиёр Бобоев жамоанинг ёрқин ғалабаларига Миржалол Қосимов жуда катта ҳисса қўшгани ҳақида айтиб ўтди.

«Миржалол Қосимов клуб қад ростлаши ва ёрқин ғалабаларни қўлга киритишига жуда катта ҳисса қўшган мутахассис. Клубимизни миллий терма жамоа билан ишлаётгани боис тарк этганди. Биз Миржалол Қўшоқович билан доимо дўстона алоқадамиз. Таъбир жоиз бўлса, бир оила вакилларидекмиз», — деб таъкидлади Бобоев.

«Ҳозирги кунда «Бунёдкор» жамоасида ишлаётган мураббийлар штаби фаолиятини давом эттирмоқда. Лекин бу соҳанинг ўзига хос қонун-қоидалари мавжуд. Натижа қаноатлантирмай қўйса, аввало, айнан мураббийлар алмаштирилади».

«Бунёдкор» клуби ўз сафида ҳаракат қилган барча легионер футболчиларга жавоб берган.

«Мавсум давомида жамоамиз шарафини ҳимоя қилган барча легионерлар билан хайрлашдик. Афсуски, Александар Алемпиевич ва Минори Сато барқарор ўйин намойиш эта олмади», — деган Бобоев.

«Юксак савиядаги ўйин кўрсатадиган легионерлар нархи жуда ҳам баланд. Клубимизнинг ҳозирги молиявий имкониятидан келиб чиққан ҳолда, суперфутболчиларни таклиф эта олмаймиз».

Бахтиёр Бобоев, шунингдек, Москвага бориб келган клуб аъзоси Элдор Шомуродовнинг келажаги борасида ҳам ўз фикрини билдирди:

«Таътил пайтида Москвага боргани унинг шахсий иши. Лекин клубимиз билан шартномаси мавжуд. Шу боисдан бошқа клуб билан музокара олиб боришга ҳақи йўқ. Агар ҳаммамиз учун манфаатли таклиф пайдо бўлса, Шомуродовнинг кучли чемпионатда иштирок этувчи клубга ўтишига қаршилик қилмаймиз», — деди Бобоев.

«Элдорнинг салоҳиятини инобатга олган ҳолда музокара олиб боришга тайёрмиз. Менга қолса, Шомуродов Европанинг футболи тараққий топган жамоасига ўтгани мақсадга мувофиқ. Ҳозирча «Бунёдкор»га ҳеч бир жамоа трансфер борасида расман таклиф билан чиққанича йўқ. Ёдингизда бўлса, биз Сардор Рашидовга харидорлар орасидан унинг ўзи танлаган Қатар клубига розилик берганмиз».

Қайд этиш керак, Элдор Шомуродов Россиянинг агентлик компанияси билан шартнома тузган бўлиб, компания футболчига янги жамоа топиш ишлари билан машғул бўлади.

Аввалроқ соғлиғи туфайли операция қилинган бош мураббий Сергей Лушчан клуб билан фаолиятини давом эттирмоқда. Мазкур мутахассис бошқарувида «Бунёдкор» кетма-кет икки мавсумни 4-ўринда, яна бирини эса 2-ўринда якунлади. Чемпионлар Лигасида эса бирор марта ҳам гуруҳ босқичидан ўта олмади.

Миржалол Қосимов бошқарувида «Бунёдкор» 4 марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган ва икки марта Чемпионлар Лигасининг ярим финалига қадар етиб борган. Ўзбекистон Кубогида эса уч бор зафар қучган.

Ўтган ойда Миржалол Қосимов тез вақт ичида Олий Лига клубларидан бирининг бош мураббийи бўлиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид