Франциялик футболчи фарзандларига Роналду номини тилга олишни тақиқлаган
Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Димитри Пайе ўз фарзандларини ватанпарварлик руҳида тарбияламоқда.
"Менинг фарзандларим бор. Улар баъзи футболчиларнинг мухлислари ҳисобланишади. Мен уларнинг кўзларида футболга муҳаббатни кўраман. Улар ўз кумирларига тақлид қилишади, уларнинг ҳаракатларини, сўзларини ва голни нишонлаш услубларини такрорлашга уринишади.
Менинг болаларим Роналду ва Мессини ёқтиришади, аммо Евро-2016 финалидан кейин уларга Роналдунинг номини тилга олишни тақиқладим", деган Пайе.
Франция шу йилнинг ёзида португалияликларга Европа чемпионати финалида мағлуб бўлганди. Ушбу учрашувда майдонга тушган Димитри Роналдунинг жароҳат олиб майдонни тарк этишига сабаб бўлган. Шундан кейин Роналдунинг мухлислари Пайени ижтимоий тармоқларда ҳақоратлай бошлашганди.
Бундан олдинроқ, ушбу учрашувда Франция дарвозасини ишғол этган Эдер франциялик мухлислар томонидан ҳуштакбозликка учраётгани ҳақида хабар берилганди.