Янги ихчам электросамокат яратилди
Электросамокатга кўп ҳолларда енгиллик ва ихчамлик етишмайди. Гонгконг стартапи бу ҳолатларни GoTube моделида инобатга олди. Телескопик руль тиргаги алюминийдан ишланган бўлиб, бир жуфт ғилдираклар корпусда махсус қоплама ёрдамида беркитилиши мумкин. Цилиндр тубуснинг ҳажми 765х170х120 мм бўлиб, транспорт воситасининг оғирлиги эса 5,8 килограммга тенг.
Электросамокат корпуси углерод толаларидан тайёрланган. Унда мобил телефонни қувватлантиришга мўлжалланган USB-порт ҳам мавжуд бўлиб, рулда эса тезликни назорат қилувчи тахометр жойлашган. Электросамокатда иккита тезлик режими бор, шунингдек кечки соатларда ҳаракатланишда ёрдам берувчи махсус ёруғлик таратиш тизими бор.
Айни дамда электросамокат 299 АҚШ долларига таклиф этилмоқда. Бироқ, эркин савдоларда унинг нархи 499 доллар бўлиши кутилмода. GoTube буюртмачиларга 2017 йилнинг март ойидан бошлаб етказиб берилади.