Фарғоналик йигит телефон можароси сабаб ўн бир йилга қамалди
У яширинмади, орадан бир соатча ўтгач, Қўқон шаҳар ИИБга кириб келди. Ундан спирт ҳиди анқиди.
- Кечқурун соат саккизларда икки улфатим билан “Малина чой” кафесида тамадди қилдик. Конъяк ичдик. Ином билан эрталаб кўришгандим. Пулнинг қолганини кечқурун бераман, девди. Қўл телефонида гаплашдик. “Оригинал” магазини ёнида кутиб оладиган бўлди. Жанжал чиқиб, уни пичоқлаб қўйдим...
“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, йигирма уч яшар Маманазар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) “Spark” русумли машинасида йўловчи ташиш билан шуғулланган. Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида кечки соат ўнларда “Космонавтлар” мавзесида қўл кўтарган йўловчини машинасига миндириб олган. Таниши Илҳомжондан ташқари машинага нотаниш йигит чиқиб ўтирган. Маманазар Илҳомжонни уйига элтиб қўйган. Нотаниш йигит эса мол бозоридан кейинги иккинчи кўча бошида тушиб қолган.
- Катта кўчага чиқиб қарасам, қўл телефоним йўқ, - дейди М.Валиев. – Сўнгги бор Илҳом ака ва нотаниш кимса машинамга чиқиб ўтиришаётганида телефонда гаплашгандим. Илҳом ака тушиб қолганида ҳам ёнимда эди. Ортимга қайтиб, нотаниш йўловчини ахтардим, топа олмадим. Бир ҳафтача ўша маҳаллага бориб, сўраб-суриштирдим. Илҳом акани тасодифан кўриб қолдим. Ўша куни машинамга чиққан йигит телефонимни ўғирлабди, учраштириб қўйинг, дедим. Унинг исми Ином экан. Илҳом ака у билан ўзим гаплашиб кўраман, деди. Эртасига унга телефон қилдим. Илҳом ака, гаплашдим, тан олмаяпти, деди. Орадан бир ойча ўтиб, Илҳом акага телефон қилдим. Космонавтлар мавзесига етиб бордим.
Таниши Одил ака ҳам ўша ерда экан. Маманазар машинасини тўхтатиб, Илҳомжонга телефон қилади. Унинг ёнида турган йигит қаршисига келиб сўрашади.
- Ўшанда Илҳом ака билан бирга машинамга чиқиб ўтирган эдингиз.
- Ҳа, ўша менман.
- Телефонимни сиз олгансиз.
- Мен олганим йўқ.
- Чиқинг, машинага.
Маманазар ўша куни Илҳом ака ва уни машинасига миндириб олган жойдан улар тушиб қолган манзилгача боради.
- Сиз шу ерда тушдингиз. Кўчани бошига чиққанимда телефоним йўқ эди. Сиз олгансиз, бошқа одам олмаган. Қайтариб беринг, бўлмаса, пулини тўланг.
Уларнинг ортидан келган Одил ака, нима гап, деб орага тушади. Маманазар унга бор гапни айтади.
- Бўпти, қизишма, ўзим гаплашиб кўрай-чи?!
Орадан уч кун ўтиб, Маманазар у билан телефонда боғланади ва Космонавтлар мавзесида кўришади.
- Телефонингни ўша бола олган экан, - дейди Одил ака. – Пулини мен олиб бераман.
Йўқолган “Samsung” русумли телефон учун 150 АҚШ доллари олиб берадиган бўлади. Эртаси куни телефон қилса, Илҳомга учрагин, дейди. Илҳом 2016 йил апрель ойигача унга бўлиб-бўлиб, уч марта пул беради. Маманазар яна 100 минг сўм тўлашни талаб қилади. Илҳом мен Ином билан уришиб қолдим, ўзингиз гаплашинг, дейди.
Шу йил 22 апрель куни кечки пайт М.Валиев икки нафар ўртоғи билан кафеда тамадди қилади. Сўнгра телефонда Ином билан учрашув жойини келишиб, йўлга тушади. Ўртоқлари унинг ортидан боришади. Қатағон қишлоғидаги дўкон ёнида Ином билан юзма-юз келади. У бўлди, бошқа бир сўм ҳам бермайман, деб оёғини тираб олади. Жанжал чиқиб, спиртли ичимлик ичиб олган М.Валиев унинг қорнига, дуч келган жойига пичоқ санчади. Ўртоқлари югуриб келиб, ажратиб қўйишади. Иномни касалхонага етказишади. Шифокорлар унинг ҳаётини асраб қолишади.
Агар Маманазар шаҳар ИИБга мурожаат қилганида, гумондор ушланиб, айби тасдиқланган ҳолда, жавобгарликка тортилар эди. Аммо у телефоннинг пулини ундираман, деб бировнинг жонига қасд қилишдай жиноятга қўл урди. Суднинг ҳукми билан унга ўн бир йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Мавзуга оид
12:58 / 13.11.2024
Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024