Спорт | 09:12 / 17.12.2016
6577
2 дақиқада ўқилади

ШҲТнинг 15 йиллиги муносабати билан халқаро марафонга старт берилди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов 17 декабрда ташкилотнинг 15 йиллигига бағишланган халқаро марафонга старт берди. Мусобақалар Хитойнинг Куньмин шаҳрида, Дяньчи кўлининг хушманзара соҳили бўйида ўтмоқда.

ШҲТга аъзо давлатлар элчилари ва вакиллари масофанинг 200 метрини югуриб ўтишган. Улардан ҳар бири ўзининг старт берувчи тўппончасидан мусобақаларнинг бошланишига рамзий сигнал беришган.

Умумий ҳисобда марафонда 15,6 мингга яқин киши иштирок этади, улардан аксарияти профессионал спортчилардир. Аввал марафон ташкилотчилари маълум қилганидек, марафон ШҲТнинг географик доираларидан анча йироққа чиқиб кетди: унда сайёрамизнинг 4 та қитъасидаги 23 та давлатдан иштирокчилар қатнашмоқда. 

Мусобақалар доирасида 42, 21, 10, 5 ва 1 км лик масофаларга югуришлар ўтказилади. 42 км лик тўлиқ марафонни 2,8 мингдан кўпроқ кишигина югуриб ўтади. Иштирокчилар орасида Кения ва Эфиопиядан жаҳон даражасидаги спортчилар, жумладан тўлиқ марафонда энг яхши кўрсаткичлардан бирининг эгаси, кениялик Жонстон Майо ҳам бор. Биринчи ўрин учун мукофот 40 минг долларни ташкил қилади.

Иштирокчилар ва томошабинларнинг саломатлиги ортидан 3,2 минг шифокор ва бир нечта тез ёрдам бригадалари кузатув олиб боришмоқда. Бундан ташқари, мусобақаларнинг ўтказилишига минглаб волонтёрлар жалб қилинган. Хавфсизликни 12 минг полициячи таъминламоқда.  

Маълумот учун, ШҲТга 2001 йилда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой етакчилари томонидан асос солинган. Айни вақтда унга 8 давлат: Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Покистон ва Ҳиндистон аъзо, 4 та давлат: Афғонистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон кузатувчи давлат ҳисобланади.   

 

Мавзуга оид