Ўзбекистон | 13:31 / 19.12.2016
22105
2 дақиқада ўқилади

Наманган инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди

Фото: Namangan.uz

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 2017-2019 йиллар учун Наманган шаҳар йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақида Norma.uz'да хабар берилди

Вазирлар маҳкамаси қарори билан Наманган шаҳрининг капитал таъмирталаб кўчалари рўйхати, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси - сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, газ таъминоти ва телекоммуникация тизимлари қурилиши ва реконструкция бўйича бажариладиган ишлар ҳажми тасдиқланди.

Капитал таъмирлов ишлари "Наманган ҳокимиятининг "Ягона буюртмачи хизмати" муҳандислик компанияси" зиммасига юклатилди. Кўчаларни капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бош лойиҳа ташкилоти - "Йўл-лойиҳа бюроси" МЧЖ. 

Наманган шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилишга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳа ташкилотлари, шунингдек объектлар бўйича бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда танлов натижалари асосида аниқланади. 

Қурилиш-таъмирлаш ишлари Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл жамғармаси, маҳаллий бюджет, капитал сармоя воситалари, шунингдек "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АК ва "Ўзбектелеком" АК томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизаси ва объектлардаги қурилиш-монтаж ишларини бажариш сифати назорати Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси  зиммасига юклатилди. 

 

Мавзуга оид