Жамият | 19:45 / 22.12.2016
42769
2 дақиқада ўқилади

Сталиннинг набираси вафот этди

Москвада ХХ асрнинг энг машҳур сиёсий арбобларидан бири Иосиф Сталиннинг 80 ёшли набираси Евгений Жугашвили вафот этди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

"У вафот этди", деб маълум қилинди тез ёрдам маълумот бериш хизматида.

Евгений Жугашвили Сталиннинг ўғли Яков Сталиннинг ўғли бўлган. Унинг отаси Иккинчи жаҳон уруши вақтида фашистлар қўлига асирга тушгач, улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб ўз жонига қасд қилган. Ташқи кўриниши Сталинникига ўхшаш бўлган Евгений ҳаттоки "Яков – Сталин ўғли" фильмида бобоси ролини ижро этган.

ТАСС

Евгений Жугашвилининг касби муҳандис бўлган, совет вақтида бир нечта заводларда ҳарбий вакил бўлган, совет давридан кейин эса Россия ва Грузияда жамоатчилик ва сиёсий фаолият билан шуғулланган.

Жугашвили ўз бобосининг номини ҳимоя қилиш бўйича суд жараёнлари ўтказиш билан танилган. У, жумладан, Катинда совет жазолаш отрядлари томонидан польшалик ҳарбийларнинг отиб ташланишини шубҳа остига қўйган. У Россия президенти Дмитрий Медведевга мурожаатида бу айбловни "жирканч бўҳтон" деб атаган. ХХ асрнинг 90-йилларида радикал коммунист Виктор Ампилов билан Россия Давлат думасига номзодини қўймоқчи бўлган.

Аввалроқ Страсбург суди Евгений Жугашвилининг Катинда польшалик ҳарбийларнинг отилиши бўйича ОАВдаги мақолалар юзасидан Россияга қарши шикоятини номақбул деб топган.

Катиндаги фожиа Иосиф Сталин буйруғи билан амалга оширилгани айтиб келинади.

 

Мавзуга оид