Фан-техника | 19:39 / 07.01.2017
6938
2 дақиқада ўқилади

Honda мувозанатни ушлаб туришга имкон берувчи антиқа технологияни тақдим қилди

Велосипед ёки мотоциклда юришни хуш кўрувчи ҳар бир одам катта тезликда транспорт воситалари ўз мувозанатларини мустақил ушлаб туришга қодир бўлишларини, бироқ транспорт секинлашиши билан мувозанатни ушлаб қолиш борган сари қийинлашиб боришини биладилар. Бироқ буни икки ғилдиракли транспорт воситасига ҳаттоки бир жойда турган ҳолида мувозанатини сақлашга имкон берадиган Riding Assist технологияси билан жиҳозланган Honda мотоциклига нисбатан айтиб бўлмайди.

Honda Riding Assist технологияси Honda’нинг ASIMO роботи ва UNI-CUB моноциклига мувозанатни сақлашга ёрдам берувчи алгоритмга асосланган ва мувозанатни сақлаш учун анъанавий гироскоплардан фойдаланмайди, чунки улар транспорт воситасига ортиқча вазн беради. Honda’нинг тажрибавий мотоцикли 3 км/соатдан камроқ тезлик билан мустақил ҳаракатлана олади. Машина мувозанатни ушлаш учун ўз вазни, мотоциклни автоматик равишда пастлатувчи ақлли олд подвеска, мотоциклни унда одам бор-йўқлигидан қатъий назар жойида маҳкам ушлаб турувчи ва турли томонларга автоматик равишда бурилувчи олд ғилдиракдан фойдаланади.

Honda янги технология бўлғуси мотоциклларида қўлланиши борасида ҳеч нарса маълум қилмаган. Бироқ бундай технологияларнинг намойиш қилиниши компания нима учун ASIOMO ва UNI-CUB каби лойиҳаларга катта пул сарфлашини тушунишга ёрдам беради. Бу лойиҳалар эртами-кечми истеъмолчилик маҳсулотларида қўлланадиган янги ва ноёб технологияларни яратишга имкон беради.

Мавзуга оид