Иқтисодиёт | 11:27 / 07.01.2017
5567
2 дақиқада ўқилади

Исроил БМТнинг қарорига жавобан уни молиялаштиришни 2 баробарга камайтирди

Исроил БМТ Хавфсизлик кенгашининг Исроилга Фаластин ерларида уй-жой қуришни тақиқловчи резолциясига жавобан БМТга ажратадиган бадал пулини 6 млн долларга қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Исроилнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси маълум қилди. 

"Исроил БМТга ажратиладиган пулни 6 млн долларга камайтиради. Бу сумма БМТ аксилисроил тузилмаларини қўллаб-қувватлашга ажратадиган маблағга тенг. Исроилга бундай агентликларни сақлаш маъносиздир", деб айтилган ваколатхона чоп этган хабарда. 

Исроил ваколатхонаси БМТдан у "ягона мақсади ғаламислик ва аксилисроил ташвиқот бўлган тузилмалар қўллаб-қувватланадиган бемаъни ҳақиқатга чек қўйишни" талаб қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 23 декабрда Исроилдан Фаластиннинг босиб олинган ерларида уй-жой қуришни зудлик билан тўхтатиш талаб қилинган 2334-резолюцияни қабул қилганди. Бу резолюцияни БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо 14 та давлат қўллаб-қувватлаган, АҚШ эса Исроилнинг бу резолюцияни тўсиш чақириқларига қарамай, бетараф қолган. Ҳужжат қабул қилингандан кейин Исроил ҳукумати резолюцияга амал қилмаслик ва БМТни молиялаштиришни қисқартириш билан таҳдид қилган.

БМТ сайтидаги маълумотларга кўра, Исроилнинг БМТга киритадиган йиллик бадали 11 млн долларни ташкил қилади, бу эса ташкилотнинг бутун харажатларининг бор-йўғи 0,4 фоизига тенг. БМТнинг энг йирик ҳомийси АҚШ ҳисобланиб, у ташкилот харажатларининг 22 фоизини қоплаб беради.

Мавзуга оид