Спорт | 20:40 / 11.01.2017
12310
3 дақиқада ўқилади

ФИФА президенти ЖЧ иштирокчилари сони оширилишига изоҳ берди

Жаҳон чемпионати иштирокчилари сони оширилиши турнирнинг томошабоплигини оширади. Бу фикр ушбу ғоя ташаббускори, ФИФАнинг амалдаги президенти Жанни Инфантино томонидан айтилди. Унинг сўзлари BBC News томонидан келтирилган.

«Бу фақатгина футбол нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор, биз шундоқ ҳам молиявий жиҳатдан яхши ҳолатдамиз. Бу тарихий қарор. Ўтган мундиалларда Коста-Рика Италия ва Англияни енгганди. Мундиалда бу ишни такрорлаши мумкин бўлган бошқа жамоалар ҳам бор. Кўплаб терма жамоалар учун саралашдан ўтиш имконияти кенгаяди ва улар футболни ривожлантиришга эътиборни кучайтиришади», — деган Инфантино.

У шунингдек, ЖЧ иштирокчилари сони оширилиши клубларнинг норозилигига сабаб бўлаётганига муносабат билдириб ўтган.

«Мен клубларнинг фикрини қадрлайман. Биз турнир тақвимига тегинмаймиз, жаҳон чемпионати кунлари футболчиларга ортиқча жисмоний босим юкламайди. Турнир ҳозиргидаги каби 32 кун давомида ўтказилади. Финалгача йўлда терма жамоалар максимум 7та учрашув ўтказади. Турнир ўйинлари ҳозиргидаги каби 12 стадионда қабул қилинади. Бу орқали биз кўпларнинг орзусини рўёбга чиқаришимиз мумкин», — деган ФИФА президенти.

Инфантино шунингдек, Европа чемпионатида иштирокчилар сони 16тадан 24тага оширилгани турнир томошабоплигини оширгани ҳақида қайд этиб ўтган.

«Евро-2016 тарихдаги энг қизиқ турнир бўлди. Барча жамоалар ўз имкониятларига ишонган ҳолда, бутунлай бошқача кайфиятда ўйинларни ўтказишди. Турнирдаги баъзи жамоалар илк марта шундай катта мусобақага келганди. Биз Уэльс, Исландия, Шимолий Ирландия каби терма жамоаларнинг гуруҳ босқичидан чиққанини кўрдик. Мен ишонаманки, жаҳон биринчилигига қизиқиш ҳам шу қадар юқори бўлади», — дея қўшимча қилган спорт амалдори.

10 январь куни ФИФА кенгаши 2026 йилдан бошлаб жаҳон чемпионати иштирокчиларини 48тага етказиш ҳақида қарор қабул қилди. Жамоалар 3тадан 16 гуруҳга бўлинади. Кейинги босқичга 2тадан жамоа чиқади. Турнирда Европага 16, Африкадан 9,5, Осиёга 8,5, Шимолий ва Жанубий Америкага 6тадан, Океанияга битта ўрин берилиши кутилмоқда.

2026 йилги жаҳон чемпионати мезбони ҳали аниқланмаган. Ҳозирда мезбонлик ҳуқуқи учун АҚШ, Ҳиндистон, Хитой, Эквадор, Боливия, Перу, Парагвай, Янги Зеландия ва Канада каби терма жамоалар даъвогар бўлиб турибди.

Охирги марта жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 1998 йилги мундиалдан олдин, 24тадан 32тага оширилганди.

Мавзуга оид