Жамият | 20:23 / 11.01.2017
75806
11 дақиқада ўқилади

Ризқнинг 21 та калити

1-калит. Аллоҳга тақво қилиш. Тақво – Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш, ман этган ишларидан сақланиш. Аллоҳ таоло ўз Китобида марҳамат қилади: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, (У) унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур...” (Талоқ, 2–3). 

2-калит. Аллоҳга таваккул қилиш. Ибн Абу Дунё ривоят қилади: “Бир киши ушбу оятларни ўқиди: “Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилур” (Талоқ, 2); “Ўлмайдиган Барҳаёт зотга таваккул қилинг ҳамда Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтинг! У Ўз бандаларининг гуноҳларидан етарлича хабардордир” (Фурқон, 58). Сўнгра у Сулаймон Хаввос деган кишига йўлиқиб деди: “Эй Абу Қудома, банда ушбу оятдан сўнг Аллоҳдан ўзгасидан паноҳ сўрамасин”. 

3-калит. Намоз. Абу Умома (р. а.) Расулуллоҳ (с. а. в.)дан ривоят қилади: “Уч тоифа киши борки, уларнинг бари Аллоҳнинг кафолатида. Ҳаётликларида Аллоҳ таоло уларга кифоя қиладиган ризқ беради. Вафот этишса, Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритади: 1. Ким уйига кирибоқ салом берса, у Аллоҳнинг кафолатидадир; 2. Ким масжидга чиқса, у Аллоҳнинг кафолатидадир; 3. Ким Аллоҳ йўлида чиқса, у Аллоҳнинг кафолатидадир” (Абу Довуд). 

4-калит. Сабабларни ҳаракатга келтириш. Бунон Ҳаммол (машҳур муҳаддис) бундай деган эди: “Доимий равишда сабабларнинг ўзинигина кўриб мушоҳада қилмаслик, мусаббиб – яъни, сабабларни жорий қилган Аллоҳни идрок эта олмасликка олиб келади. Сабаблардан юз ўгириш эса кишини лаёқатсизлик, ночорликка етаклайди”. 

5-калит. Истиғфор ва тавба. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўранг! Албатта У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур. Сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10–12). 

Ибн Аббос (р. а.) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с. а. в.) бундай дедилар: “Ким истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ таоло уни барча ташвишларидан халос қилади, ҳар қандай чорасизликдан қутқариб йўл кўрсатади ҳамда уни ўзи кутмаган жойдан ризқлантиради”. 

6-калит. Аллоҳга ишонч. Абу Усайд Фазорийдан сўрашди: “Нима билан тирикчилик қиласиз?” У киши Аллоҳга такбир ва ҳамду санолар айтиб: “Наҳотки маймуннинг ҳам, тўнғизнинг ҳам ризқини берган Аллоҳ Абу Усайднинг ризқини бермаса?!” деди. 

7-калит. Ризқни тонгда териш. “Расулуллоҳ (с. а. в.) бундай дедилар: “Ё Аллоҳ, умматимнинг баракаларини тонгда бер”. 

Саҳобалардан Сохр ибн Вадоа (р. а.) мазкур ҳадисга риоя қилиб, тижоратини куннинг аввалги қисмида юритар, натижада, жуда бойиб, мол-дунёси кўпайиб кетган экан (Термизий). 

8-калит. Шукрона келтириш. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7). 

Имом Фахриддин Розий мазкур оятнинг тафсирида бундай ёзади: “Ким берган неъматлари учун Аллоҳга шукр келтирса, Аллоҳ таоло унга ўз неъматларини янада зиёда қилиб қўяди. Бундай ҳолатда банда ҳақиқий шукроналикни идрок этиши ҳамда шукрона ортидан ато этилган неъматларни англаб етган ҳолда мушоҳада қилиши керак”. 

9-калит. Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлиш. “Ибодатга фориғ бўлиш”дан мурод, баъзи одамлар ўйлаганидек, меҳнат, касб-ҳунарни тарк этиб ибодатга шўнғиб кетиш эмас. Балки ибодат чоғида қалбнинг ҳозир бўлиши ҳамда қалбни мазкур онларда дунёвий машғулотлардан узиш, яъни ҳар бир ибодатни чин қалбдан ва сидқидилдан бажаришдир. Расулуллоҳ (с. а. в.) дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл, дилингни бой қиламан, фақрингни кетказаман, агар шундай қилмасанг, қўлингни ишга тўлдираман, фақирлигингни кетказмайман” (Имом Аҳмад). 

10-калит. Бойликни дуо қилиб сўраш. Бир куни Холид ибн Валид Расулуллоҳ (с. а. в.)га турмушидаги ночорликдан шикоят қилди. Шунда Расули акрам (с. а. в.) дедилар: “Қўлларингни осмонга кўтаргин-да, Аллоҳдан кенг ризқ сўра!” (Табароний). 

11-калит. Фақирлик етишидан паноҳ сўраш. Набий (с. а. в.) тонг отганда ва кеч бўлганда ушбу дуони уч марта ўқир эдилар: “Аллоҳумма афиний фи баданий, Аллоҳумма афиний фи самъий, Аллоҳумма афиний фи басарий, ла илаҳа илла анта, Аллоҳумма инний аъузу бика минал куфр, вал фақр, ва аъузу бика мин азабил қабр, ла илаҳа илла анта” (Абу Довуд). 

Маъноси: Ё Аллоҳ, баданимни, қулоғимни ва кўзимни соғлом қилгин, офият бергин! Ўзингдан бошқа илоҳ йўқ! Ё Аллоҳ, Сендан куфр ва фақирликдан паноҳ беришингни сўрайман. Қабр азобидан паноҳ тилайман. 

12-калит. Ҳаж ва умра қилиш. Ибн Масъуд (р. а.) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с. а. в.) дедилар: “Ҳаж ва умрани кетма-кет қилинглар, зеро, улар олов темирнинг зангини, тилла ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирликни даф этади ва гуноҳлардан поклайди. Мабрур (қабул бўлган) ҳажнинг савоби жаннатдир” (Имом Аҳмад). 

13-калит. “Субҳаналлоҳ” иборасини кўп айтиш. Расулуллоҳ (с. а. в.) айтдилар: “Нуҳ пайғамбар ўлими олдидан фарзандига бундай деди: “Мен сенга бир васият қиламан, икки ишни буюраман, иккитасидан эса қайтараман: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни буюраман, зеро, етти осмон ва етти ер бир кафтга ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” иккинчи кафтга қўйилса, “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг тоши оғир келади. Сенга “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”ни буюраман, зеро, у боғловчидир, у билан махлуқотлар ризқлантирилади. Сени кибр ва ширкдан қайтараман” (Имом Аҳмад). 

14-калит. Силаи раҳм. Расулуллоҳ (с. а. в.) бундай деганлар: “Кимни ризқи кўпайиши ва умрига барака берилиши хурсанд этса, силаи раҳм (қариндошлари билан борди-келди) қилсин” (Имом Бухорий). 

15-калит. Толиби илмга ёрдам кўрсатиш. Анас ибн Молик (р. а.) айтади: “Расулуллоҳ (с. а. в.) даврларида ака-ука бор эди. Улардан бири Расулуллоҳ (с. а. в.)нинг мажлисларига келиб, ул зотнинг муборак ҳадисларига қулоқ тутарди. Иккинчиси эса ҳунармандчилик қиларди. Бир куни ҳунарманд ака Расулуллоҳ (с. а. в.)га шикоят қилиб келди: “Ё Расулуллоҳ, укам менга ҳеч бир ишда ёрдам бермайди!” Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) дедилар: “Эҳтимол, сен унинг шарофатидан ризқлантирилаётгандирсан?” (Термизий). 

Мулло Али Қори (р. а.) ушбу ҳадис шарҳида бундай деган: “Расулуллоҳ (с. а. в.)нинг: “Эҳтимол, сен унинг шарофатидан ризқлантирилаётгандирсан?” деб мажҳул нисбатда айтишларидан маъно шуки, у зот: “Ўйлашимча ёки қўрқаманки, у сенинг ҳунармандчилигинг туфайли эмас, сен унинг баракоти туфайли ризқланяпсан. Сенинг ризқинг ҳунармандчилигинг ортидан келмаяпти”, демоқчилар”. 

16-калит. Ишни маромига етказиб бажариш. Ушбу омил ризқнинг мўл бўлишига олиб келувчи муҳим сабаблардан. Кундалик ҳаёт ҳам одамларнинг кўнгли ишни маромига, камолига етказиб бажарадиганларга ошиқишини, уларни бошқалардан афзал билишларини кўрсатиб турибди. 

17-калит. Омонатдорлик. Одамлар ўз ишида, савдосида омонатдор кишига талпинади, у билан олди-берди қилишга интилади. Уни бошқалардан устун қўяди. Шунинг учун ҳам Шуайб (а. с.)нинг қизи Мусо (а. с.)нинг куч-қуввати ва омонатдорлигини кўриб отасига айтади: “Эй ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончли кишидир” (Қасас, 26). 

18-калит. Ҳусни хулқ. Бу яшириб бўлмайдиган ҳақиқат, одамлар кўнгли чиройли ахлоқли одамга чопади, бадхулқдан эса ҳамма қочади. 

19-калит. Заифларга яхшилик қилиш. Саъд ибн Абу Ваққос (р. а.) ўзини бошқалардан афзал деб биларди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) дедилар: “Сизлар заифларингиз шарофатидангина ғалаба қозонасиз ва ризқлантириласиз”. 

20-калит. Аллоҳ йўлида нафақа қилиш. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39). 

Ушбу оятдаги эҳсондан мурод фақирларга нафақа қилишдир. 

21-калит. Аллоҳ ато этган неъматларига яхши муносабатда бўлиш. Ойша (р. а.)дан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ (с. а. в.) менинг олдимга кирдилар. Шунда кўзлари тўкилган урвоқларга тушиб қолиб, дарҳол уларни териб олдилар. Сўнгра дедилар: “Эй Ойша, Аллоҳнинг неъматларига яхши муносабатда бўл, зеро, камдан-кам ҳолларда (неъматларга беписанд бўлган) хонадонларга неъматлар қайта берилади” (Ибн Можа). 

Иброҳим Усмонов тайёрлади.

Манба: www.irfon.uz 

Мавзуга оид