Жамият | 09:56 / 14.01.2017
11323
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 18 йил аввал ўғирлаб кетилган қиз топилди

АҚШнинг Жанубий Каролина штати полициячилари охирги 20 йил ичидаги энг шов-шувли ишлардан бирини фош қилишди. Гап шундаки, Жэксонвилл шаҳрида 18 йил аввал туғруқхонадан ўғирлаб кетилган Камия Мобли тирик ҳолда топилди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, у шу йиллар давомида ўзини ўғирлаб кетган аёл билан бирга яшаб, уни онаси деб ҳисоблаган. Қизни ўғирлаб кетган 51 ёшли Глория Уильямс қиз учун сохта ҳужжатлар топа олган, бироқ сохта ҳужжатларда қизнинг туғилган куни аслича қолдирилган. Айнан шу ҳолат полицияларни улар олдида "ўғирлаб кетилган қиз" тургани ҳақидаги тахминга олиб келган.

ДНК-синов полициячилар тахмини тўғри эканлигини тасдиқлагандан кейин, Уильямсга қизни ўғирлаш бўйича айблов қўйилди. Қизнинг ўзи эса ҳозирча ҳақиқий оиласига қайтишга шошмаяпти. Бундан ташқари, АҚШ қонунчилигига кўра қизнинг ўз оиласи билан бирлашиши икки томоннинг розилиги билангина амалга ошиши мумкин.

Мавзуга оид