Ўзбекистон | 17:31 / 16.01.2017
47389
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Президенти: Ип-калавани сотиш билан одамларни боқа олмаймиз

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва турли соҳалардаги бир қатор муҳим камчиликлар ҳақида сўз юритди. 

Жумладан, Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталиб ўтди.

“2016 йилда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилди. 

Шу билан бирга, 2016 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва устувор вазифаларни бажаришни таъминламаган айрим раҳбарларга бугун ҳукумат мажлисида алоҳида баҳо бериш зарур, деб ҳисоблайман.
 

Биринчи – бу ер майдонларини оптималлаштиришдаги камчиликлар. Тошкент, Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бу жараён талаб даражасида ўтказилмаган. 

Халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича номзодлар танлашда жиддий хатоларга йўл қўйилган. 

Иккинчи – айрим фермер хўжаликлари етарлича айланма маблағлар, зарур техника ва бошқа моддий-техник ресурсларга эга эмас. Бу қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигига, шартнома мажбуриятлари бажарилишига ва фермер хўжаликларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Учинчи – ишлар етарли даражада ташкил этилмагани ва айрим раҳбарларнинг, жумладан, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилоятлари собиқ ҳокимларининг шахсий масъулиятсизлиги сабабли бир қатор туманлар ва фермер хўжаликларида кутилган даражада пахта ҳосили олинмади. 

Косонсой, Ангор, Музработ, Қизириқ, Шеробод, Қуйичирчиқ, Қўштепа туманларида пахта сотиш бўйича шартнома мажбуриятлари 60-65 фоиз даражасида қолиб кетган. Зарбдор, Пахтакор, Арнасой, Мирзаобод, Ховос, Сардоба, Гулистон, Чуст ва Бекобод туманларида давлат захираси учун ғалла етказиб бериш мажбуриятлари бажарилмаган. 

Ана шу фактларнинг ҳар бири бўйича мажлис баёнида принципиал ва қатъий баҳо бериш зарур. 
 

2017 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, компаниялар ва бошқа идоралар, шунингдек, барча бўғиндаги ҳокимликлар қуйидаги стратегик муҳим вазифаларни амалга ошириши шарт: 

биринчи – экин майдонлари ва экинлар таркибини оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш, мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтириш; 

иккинчи – фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш. Охирги 10 йил мобайнида минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва уруғлик нархининг ўсиши билан пахта хомашёси ва ғаллани харид қилиш нархлари ўсиши ўртасида кескин фарқ борлиги кузатилмоқда; 

учинчи – ўтган йилларда Молия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Жамғарма раҳбарияти томонидан шакллантирилган, агротехника тадбирларини молиялаштиришда ижобий натижа бермаётган ва мутлақо чала тизимга барҳам бериш зарур. 

Неча йилдан бери савол бераман: агарки қишлоқ хўжалиги масъулиятсизларча ёндашув асосида молиялаштириладиган бўлса, давлат хариди учун маҳсулотни қандай етиштириш мумкин? Бу саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ. Нима сабабдан? 

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Жамғарма томонидан фермер хўжаликларига 300 миллиард сўм маблағ тўлаб берилмаган. Табиий савол туғилади: агар фермер давлат олдида ўз мажбуриятини бажарган бўлса, нега давлат ва унинг баъзи бир раҳбар ходимлари бу масалага бефарқ ва беэътибор муносабатда бўлмоқда? Ким бунга масъул? Ким шахсан жавоб бериши зарур ва шарт? 

тўртинчи – охирги йилларда агросаноат комплексида ташкил этилган янги бошқарув органлари фаолиятидаги бир қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатъий чоралар кўришимиз зарур. 

Энг аввало, бу ўринда гап «Ўзпахтасаноатэкспорт» компанияси (А.Камолов) ва унинг таркибига кирувчи «Ўзпахтасаноат» (Я.Хидиров), «Ўзпахтаэкспорт» (Ж.Қодиров) ва «Ўзпахтаёғ» (В.Жўраев) акциядорлик жамиятлари тўғрисида боряпти. 

Ушбу тармоқларни модернизация қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, пахта хомашёсини қайта ишлаш бўйича марказларни ташкил этиш бўйича ишлар ўта қониқарсиз йўлга қўйилган. 

«Ўзбекозиқовқат-холдинг» компанияси раҳбарлари О.Рустамов ва А.Салимовга саволлар тўпланиб қолмоқда. Мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 20 фоизга ҳам етмайди. Янги технология ва стандартлар ўта сусткашлик билан жорий этилмоқда. 

Қўшма корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасайган. Ана шу раҳбарларга нисбатан вақт ва ишонч захираси тез вақт ичида ниҳоясига етади. Улар бундан хулоса чиқариши зарур. 

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти раҳбари И.Ҳайдаров, «Ўзвиносаноат-холдинг» – Ш.Раҳимов ва «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси – М.Мансуров фаолиятида замонавий ёндашув ва янгиликлар сезилмаяпти. 

Аниқ фактларни келтираман. Экспорт таркибида ип-калаванинг улуши юқорилигича – 53 фоиз даражасида қолмоқда. Аҳолининг пойабзалга бўлган эҳтиёжини қондириш даражаси 41 фоизни ташкил этади. Узум етиштирадиган, вино ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар самарасиз ишлаяпти. 

Ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш Бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев учун биринчи ва жиддий имтиҳон бўлади. 

Сиздан яқин вақт ичида уларни бажаришни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб, ахборот беришингизни сўрайман.

Ҳайдаров, ип-калавани сотиш билан одамларни боқа олмаймиз. Нима учун мен Бангладешга шунча одамни олиб бориб келдим. Бангладеш ҳеч қандай пахта экмайди, лекин тайёр трикотаж маҳсулотларини 40 миллиард доллар экспорт қилади дейишяпти. Ўзбекистон билан Ҳиндистонни пахтасини олиб аралаштиради, тайёргина сотади, 40 миллиард доллар.

Мансуров, 250 миллион доллар пул бердик, тўғрими? Ҳеч қачон бундай нарса бўлмаган. Хулоса керак”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид