Жаҳон | 13:43 / 19.01.2017
28293
6 дақиқада ўқилади

Барак Обама президентлик даврида нималарга улгурди, нималарни бой берди?

Фото: РИА "Новости"

Барак Обама, скептикларнинг хавотирларига қарамай, АҚШ президентлигида жиддий хатоларга йўл қўймади. Аммо, ўз тарафдорларининг ишончини ҳам оқлай олмади. 

АҚШнинг 44-, биринчи афроамерикалик президенти Барак Обама ўз лавозимини ўзидан аввалги давлат раҳбари Жорж Буш кичикдан кўра бошқача ҳолатда тарк этмоқда. Унинг Оқ уйдан йўллаган сўнгги твити, аллақачон, 2 млнга яқин “ёқди”тугмасига эга бўлди. Албатта, одамлар Обама билан хайрлашар экан, қаттиқ хафа бўлмоқда, дейиш нотўғри бўлади. Бироқ, унинг рейтинги (55-57 фоиз) истеъфога чиқаётган президентлар орасида энг юқориларидан бири бўлди. 

Аммо, 8 йил муқаддам, Обама Оқ уйга илк қадам қўйган вақтда уни қандай кутиб олишганини ҳозирги ҳолат билан таққосланса, холисроқ баҳо бериш мумкин бўлади. 

Жаҳон етакчи ОАВларининг бу борадаги фикрларини жамлаган ҳолда «мўъжиза рўй бермади», деган жумла билан ифодалаш мумкин. Гарчи Обама президентлигига оид шарҳларда яширин ҳайратланишларга кўз тушса-да, умумий қараш — «унинг ёмон президент бўлмаган»ини тасдиқлайди. 

Барак Обама Америка орзусининг ҳаётдаги тимсолларидан бири бўлди. Африкалик қашшоқ талабанинг ўғли, ирқий камсонли аҳоли қатламининг отасиз ўсган вакили ҳаётда мустақил равишда баланд чўққиларга эришди. Обама, унинг ота-онаси, Барак ёш вақтида ҳаётни тарк этишгани сабабли, ёшлигиданоқ ўз кучига ишонишга ҳаракат қилган. 

Фото: Reuters

Унинг сиёсий фаолияти жуда тез суръатларда ўсди, 2004 йилда Иллинойс штати сенатори бўлган Обама, 4 йилдан сўнг, АҚШ президенти лавозимини эгаллади. Ўшанда, умуман бошқарув тажрибасига эга бўлмаган инсон ядровий буюк давлат, энг кучли армияга эга бўлган мамлакат, дунёнинг энг йирик иқтисодиётини бошқара олишини шубҳа остига қўйганлар ҳам бўлди. 

Бироқ, скептиклар Қўшма Штатларнинг ўзига хос жиҳатини эътиборга олмаган кўринади — мамлакат бошқарув институтлари шунчалик барқарорки, улар давлатнинг минимал иштирокида фаолиятини олиб боради. Оқ уй раҳбарининг асосий вазифаси — халқнинг ҳақиқий етакчиси бўлиш, ечимлар тақдим этиш ва улар бўйича масъулиятни зиммасига олишдан иборат. Америка президенти кунлик бошқарув билан шуғулланмайди. 

Умуман, президентлик даврида кўп нарсада унга омад кулиб боқди. Америка 2009–2017 йилларда глобал чақириқлар, жиддий жаҳон иқтисодий инқирозига дуч келмади. «Араб баҳори», Россия билан муносабатлардаги инқироз, глобал муаммо сирасига кирмайди, албатта. Президентлик лавозимида ҳали кўп ҳам ишламасдан ва айтарли бирор ижобий натижа кўрсатмасдан Нобель тинчлик мукофотига муносиб топилишини ҳам шундай омадлардан бири дейиш мумкин. 

Фото: Reuters

Қайд этиш жоизки, Обама президентлигининг илк кунлариданоқ, сайловолди ваъдаларини бажаришга киришди. Шулардан бири, соғлиқни сақлаш соҳасидаги норасман Obamacare деб номланган тиббий суғурта ислоҳоти бўлди. Бунинг натижасида тиббий суғуртага эга бўлмаган 20 млнга яқин америкалик биринчи марта шундай имкониятга эга бўлди. 

Аммо, бу ислоҳот мамлакатда турли фикрлар, қарашлар ва тортишувларга сабаб бўлди. Шунга кўра, АҚШ Конгресси ушбу ислоҳотни бекор қилиш жараёнини бошлашни кўзда тутувчи ҳужжатни январь ойи бошидаёқ қабул қилди. 

Оқ уй молия бозорида янги қоидаларни жорий қилган Додд — Франк қонуни қабул қилинишига ҳам муаллифлик қилди ҳамда янги назорат органи – Молиявий барқарорликни назорат қилувчи кенгашни ташкил этди. Обама иқтисодиётни 2008 йил инқирозидан муваффақиятли олиб чиқди. Янги иш жойлари ташкил этилишига туртки берди. Натижада ишсизлик даражаси деярли икки мартага қисқарди. Бироқ, иқтисодиёт жуда суст ўсди. Улкан давлат қарзи янада ортди. Давлат бюджети бирор марта профицит билан якунланмади. 

Шу билан бирга, Обама ўзининг сайловолди ваъдаларидан бири бўлган Гуантанамо қамоқхонасини ёпишнинг уддасидан чиқа олмади. Бунга Конгрессни назорат қилган республикачилар йўл қўймади.

Барак Обама ҳокимият тепасига келганида, АҚШ Ироқ ва Афғонистонда уруш олиб бораётган эди. У Ироқдан қўшинларини олиб чиққан бўлса, Афғонистонда ҳарбийлари сонини кўпайтирди. Унинг саккиз йиллик бошқарувидан кейин ҳам Ироқда ҳамон беқарорлик ҳукм сурмоқда, Афғонистондан Қўшма Штатларнинг чиқиб кетишига эса, анча борга ўхшайди.

Фото: РИА "Новости"

Бироқ, АҚШ у ёки бу даражада боғлиқ бўлган бошқа можаролар сафи янада кенгайди. Ливия, Яман, Суриядаги фуқаролик уруши, «Араб баҳори» деб номланган инқилоблар, Украина... Албатта, буларнинг барчасида Обамани айблаш адолатсизлик бўлади. Чунки, Жорж Буш кичикнинг босқинчилик сиёсати Обама обрўсига ҳам путур етказди. Шу билан бирга, Сурияга Америка қўшинларини олиб кирмаганини олқишлаш баробарида, Ливия билан бўлган ҳолатда, авиазарбалар бериш билан чеклангани, Муаммар Қоззофийни ағдаришга кифоя қилди. 

Обама «терроризмга қарши кураш» иборасидан фойдаланмаган ҳолда, бу курашни давом эттирди ва тутқич бермас биринчи рақамли террорчи деб номланган Усома бин Лодинни йўқ қилди. 

Обаманинг Куба билан ярим асрдан ортиқ давом этган кескин муносабатларни нормаллаштиришга доир қарори ҳам тарихан муҳим аҳамиятга эга. 

Айни чоғда, Россия муносабатларни кучайтиришга бўлган уриниш уни кескинлаштириш билан якун топди. 

Фото: РИА "Новости"

Эндиликда, 55 ёшида катта сиёсатни тарк этаётган Обама келгусида нима билан шуғулланиши хусусида жиддий бош қотириши керак бўлади. 

Мавзуга оид