Ўзбекистон | 09:05 / 21.01.2017
23067
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қўнғирот-Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон республикасига ташрифи доирасида Шуманай тумани Жумабой Бозоров номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрди. 211 ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда миллий мусиқа асбоблари, фортепьяно, хореография, тасвирий санъат каби ўндан зиёд йўналишда дарс ўтилади. Муассаса очилганига атиги бир неча йил бўлганига қарамай, унинг ўқувчилари қатор танловларда, хусусан, 2 марта мамлакатимиз миқёсида ўтказилган кўрикда биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан мулоқот чоғида жамоатчилик вакиллари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ёш авлодни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб вояга етказишга алоҳида эътибор бергани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев у кишининг бу борадаги хайрли ишларини изчил давом эттираётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг Қанликўл тумани филиалида ҳам бўлиб, баҳорги дала ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳақида фикрлашди. Туманда пахта майдонини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Қанликўл педагогика коллежида бўлган мулоқотда Президентимиз коллеж мутахассисликларини замон талабига мос равишда ўзгартириш, туман иқтисодий-ижтимоий ҳаёти учун зарур кадрлар тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Илмий, бадиий адабиётларни қорақалпоқ тилига ўгириш, чоп этиш ва таълим масканларига етказиб бериш бўйича тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланиши билан танишди. 101 километрлик ушбу сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид