Фан-техника | 15:35 / 23.01.2017
8336
2 дақиқада ўқилади

Samsung қурилмалари хавфсизлигини оширувчи режани тақдим этди

Samsung Electronics ўз маҳсулотлари хавфсизлигини ошириш режасини тақдим этди. Бу Galaxy Note 7 смартфонларининг ёниб кетишга аслида нима сабаб бўлгани маълум қилингач, рўй берди, дейилади компания хабарида.

Жанубий Кореяда Galaxy Note 7 модели сотуви 19 август куни бошланди. Сентябрь бошида жаҳон бозоридан 2,5 миллион бундай смартфонни қайтариб олиш ҳақида маълум қилинди. Бу уларнинг қувват олаётган пайтда ёниб кетиши билан боғлиқ. Samsung Electronics октябрь бошида Galaxy Note 7’ни ишлаб чиқаришдан вақтинчалик олиш ҳақида хабар берган.

Аввалроқ компания смартфонларга мўлжалланган аккумуляторларда ёниш ҳолатлари лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришдаги техник хатолар билан боғлиқ экани ҳақида маълум қилганди. Samsung носозликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Компания саккиз пунктдан иборат бўлган аккумулятор батареяларини текшириш дастурини яхшилади. Бундан ташқари, Samsung қурилманинг ҳар бир элементи бўйича страндартларни тартибга солиш бўйича хавфсизлик чораларини ҳам яхшилади.

Компания, шунингдек, батареялар бўйича маслаҳатчи гуруҳ ташкил қилди. Унинг таркибига Кембриж, Беркли ва Стэнфорд университетлари олим ҳамда тадқиқотчилари жалб этилди. Samsung бу чоралар батареялар хавфсизлигини яхшилашда ёрдам беришига умид қилмоқда.

Маълумот учун, Samsung Electronics — электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича халқаро компания бўлиб, унинг қароргоҳи Сеул шаҳрида жойлашган. 2016 йилнинг учинчи чорагида соф даромад 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 16,8 фоизга камайиб, деярли 4 миллиард долларни ташкил этди.

Мавзуга оид