Жаҳон | 18:59 / 29.01.2017
18613
3 дақиқада ўқилади

АҚШ президентлари ўз ўрнига келаётганларга нималарни изҳор қилишган?

Фото: AP

АҚШ президенти Трамп собиқ президент Обама қолдирган мактубни ушлаб турибди. 

Америка Қўшма Штатларининг 45-президенти Трамп қасамёд қилиш маросимидан сўнг Оқ уйга келганида, уни ушбу лавозимдаги Барак Обаманинг сўнгги мактуби кутиб турган эди. 

Бу ажойиб анъана бўлиб, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш чоғида лавозимини тарк этаётган президент давлатнинг янги раҳбарига мактуб қолдиради. Унда, собиқ президент, янги сафдошини лавозим билан қутлайди, илҳомлантиради ва турли маслаҳатлар беради. 

Трамп Обаманинг мактуби “ажойиб” бўлганини айтар экан, унинг мазмунини ошкор қилмаслигини таъкидлади. 

Барак Обама президентлик лавозимини тарк этгач, АҚШ Миллий архивлар бошқармаси Жорж Буш кичикнинг Билл Клинтондан ҳамда Барак Обаманинг Жорж Буш кичикдан олган мактубларини оммага ошкор қилди. Бу ҳақда ABC телекомпаниясининг Twitter саҳифасида эълон қилинди. 

Мактублар собиқ президентларнинг ўз қўллари билан битилган. Қуйида уларнинг таржимаси билан танишиш имкониятига эгасиз. 

Жорж Буш кичикнинг Барак Обамага мактуби

2009 йил 20 январь 

Қадрли Барак,

Сизни Президентимиз бўлганингиз билан табриклайман. Сизнинг ҳаётингизда, ҳозиргина, ажойиб давр бошланди. 

Сизнинг зиммангизга тушган масъулият шарафини камсонли инсонларгина ҳис қила олишган. Жуда кам инсонлар ушбу лаҳзалар билан боғлиқ ҳаяжонларни бошидан ўтказган. Сиз жавоб беришингиз лозим бўлган чақириқларга жуда камчилик дуч келган. 

Сизни қийин синовлар кутиб турибди. Танқидчиларингиз тинчимайди. “Дўстлар”ингиз ҳайратда қолдиради. Бироқ сиз билан ҳар нарсага Қодир Худо бирга бўлади. У сизни тинчлантиради, сиз билан сизни севувчи оилангиз бўлади, сиз билан сиз учун қайғурадиган Ватанингиз бўлади, шу жумладан мен ҳам. Келажакда нима бўлишидан қатъи назар, сизни ўзингиз етакчилик қилаётган одамлар илҳомлантиради ва уларнинг қайғуришлари қўллаб-қувватлайди. 

Худо сизни ёрлақасин.

Ҳурмат билан,

Ж. У.

Билл Клинтоннинг Жорж Буш кичикка қолдирган мактуби

2001 йил 20 январь

Қадрли Жорж

Бугун сиз буюк ишни бошлайсиз ва сизга Американинг ҳар бир фуқароси эриша оладиган юксак шараф билдирилди. 

Мен каби сиз ҳам, мамлакатимизни чуқур, аммо ижобий ўзгаришлар даврида бошқаришга киришмоқдасиз. Бунда нафақат ҳукумат, балки халқни ҳам ташвишга солаётган эски муаммоларга ечим топиш зарур. 

Сиз, ғурурли, ростгўй ва ажойиб инсонлар етакчиси ҳисобланасиз. Бугундан бошлаб сиз – бизнинг Президент. Табриклайман ва муваффақият ҳамда бахт тилайман. 

Сизнинг зиммангизга оғир масъулият юкланган, аммо бу чидаб бўлмайдиган даражада оғир юк эмас. Ўзингиз ишонган нарсани амалга ошириш хурсандчилигини таърифлаб бўлмайди. 

Сиз ва оилангиз учун дуо қиламан. Тангри билан!

Ҳурмат билан, Билл.

Мавзуга оид