Light | 19:51 / 05.02.2017
40392
8 дақиқада ўқилади

Олов, Сув, Ҳаво, Ер: Яшаш учун энг хавфли жойлар

Аксариятимиз об-ҳаво билан боғлиқ ноқулайликлардан (кутилмаган сел ёки жазирама иссиқ) нолиб қоламиз, бироқ буларнинг барчасини енгиб ўтиш мумкин. Сайёрамизда шундай жойлар борки, у ерларда она-табиат ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Даҳшатли бўронлар, вулқонли лавалар - бундай жойларни забт этишга ортиқча қизиқмаган маъқул. Hi-News сайёрани тўрт элементга ажратиб, уларнинг Ердаги энг хавфли ифодаларига тўхталиб ўтди.

Сув

Сув биз учун хавф туғдириши табиий, чунки биз сув муҳитига яхши мослашмаганмиз (кўпчилик чўмилишни умуман билмайди). Қайиқларни бошқариш борасидаги кўникмаларимизга қарамай, Халқаро денгиз ташкилоти хабарига кўра, 2012 йилда 1051 нафар киши денгизда ҳалок бўлган.

Баъзи сув ҳавзалари географик жойлашувига кўра, бошқаларидан хавфлироқ бўлади. Норвегиядаги Салстраумен бўғози Ер юзидаги энг кучли оқимлари билан ном қозонган. Бироқ бу маскан шу қадар яхши ўрганилганки, сайёҳлар бу ердан мутахассис билан шиширилган қайиқда "сайр қилиш" имконига эгалар.

Ҳинд океанидаги ороллар гуруҳи, Мальдив ороллари ҳам денгиз сатҳининг ошишга мойиллиги мавжудлиги сабаб "эфемер ороллар" ҳисобланади. Хавф йил сайин ортиб бормоқда, чунки иқлим ўзгармоқда.

Хавф чўққиси цунами ёки бўрон вақтида сув сатҳининг  кутилмаганда кўтарилишига тўғри келади.

Дунёда инсонларни хавфдан ҳимоя қилишга қаратилган цунамини "юмшатиш" ёки ундан огоҳлантиришнинг бир неча тизими мавжуд. Бироқ баъзи жойларда огоҳлантириш вақти 20 дақиқага қисқаради, шу боис цунами кўп кишиларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин. 2004 йилда янги тарихдаги энг ҳалокатли цунами рўй берди - Индонезиядаги Суматра қирғоқларидаги зилзиладан кейинги цунами 15 мамлакатдаги 280 000 кишининг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди. Буни тасаввур қилиш қийин, бироқ дарё тошқинлари бундан-да кўп кишини ҳаётдан олиб кетган.

Хитойдаги Янцзи дарёсида ёз ойларида содир бўлган сув тошқини миллионлаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди (расмий ҳужжатларда йўқотишлар анчага камайтирилган). Ўша йили кетма-кет ёғган қорлардан кейин кучли эриш ҳолатлари кузатилган, боз устига аномал равишда кучли ёмғирлар ёғган. Натижада тарихдаги энг машъум табиий офат юз берган.

Бугунги кунда Хитойдаги йирик дарёлар қирғоқларида миллиардлаб киши яшайди. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув тошқинлари ҳақидаги ўй-хаёллар уларни хотиржам ухлашга қўймайди.

Ҳаво

Африкада бир неча "қотил-кўллар" бор, лекин бу сув туфайли эмас.

Камерундаги Ньос ороли ва Конго Демократик Республикаси ҳамда Руанда чегарасидаги Киву ороли кўримсиз хавф туғдиради. Бу кўллар вулқон фаол бўлган жойларда жойлашган.

1980-йилларда рўй берган ва 1700 киши ҳамда 3500 бош қорамолнинг ҳалокатига олиб келган икки вулқонли портлашдан кейин Камерунда қувурлар ва сифонлар ёрдамида хавфсиз дегазация усуллари ишлаб чиқилди.

Антарктидадаги Мис Денисон Ер юзидаги энг шамолли маскан ҳисобланади. У ерда ҳеч ким яшамаслиги ажабланарли ҳолат эмас. Бироқ мавсумий бўронлар бутун дунё бўйлаб бир неча ҳудудларнинг вайрон бўлишига олиб келади.

Энг кучли бўронлар илиқ океан узра экватордан жануб томонга шаклланади. У ердаги шамоллар босим ўзгариши билан кучаяди ва довул, циклон, тўфон каби табиий офатларини ҳосил қилиб, Кориолис эффекти таъсирида айланади.

Бундай бўронлар ҳақида гап кетар экан, Ҳаити Кариб сув ҳавзасидаги энг хавфли орол ҳисобланади. У нафақат довуллар йўлида, балки ҳеч қандай ҳимоя тизими мавжуд бўлмаган энг қашшоқ мамлакатда жойлашган.

Германиядаги Штутгарт университетининг табиий офатлар бўйича эксперти Жон Биркманнинг айтишича, циклонлар хавфли, чунки уларни олдиндан башорат қилиб бўлмайди.

Биркман БМТ университетининг хавф-хатар тўғрисидаги йиллик ҳисоботини тайёрловчи жамоанинг бир қисми ҳисобланади.

2016 йилда энг хавфли масканлар рўйхатини Вануату бошқарди. Бу мамлакатдаги орол аҳолисининг учдан биридан кўпроғи ҳар йили табиий офатлардан жабр кўради. 2015 йилда оролда бир неча ҳафта оралиғида зилзилалар, вулқон портлаши ва Пэм циклони кузатилди. Расмий маълумотларга кўра, 11 нафар киши ҳалок бўлган.

Ушбу нисбатан кам кўрсаткич инсонларни табиий офатлардан ҳимоялаш бўйича глобал тадбирларнинг иш беришидан далолатдир. Таққослаш учун: 1970 йилнинг ноябрида Бангладешда Бола циклони натижасида 500 000 киши ҳалок бўлган.

Ер

Барча табиий офатлар орасида энг жиддий сабаб тектоник фаоллик ҳисобланади. Ер қобиғи ҳаракатланувчи плиталардан иборат, улар қарама-қарши йўналишда ҳаракат қилганида салоҳиятли энергия тўпланиб қолади. У ташқарига чиқарилганда эса ер юзида кучли силкинишлар содир бўлади.

Энг ҳалокатли зилзила 1556 йилда Шэньси (Хитой)да рўй берган - у 800 000 кишини ҳаётдан олиб кетган.

Ер силкинишлари сайёрамизнинг нисбатан ночор ҳудудларида содир бўлади. Лос-Анжелес ва Токио каби сейсмохавфли шаҳарлар ўз аҳолисини ҳимоялаш учун энг янги меъморий ютуқлардан фойдаланишади. Бироқ "Тинч океанининг оловли узуги" атрофидаги ҳамма мамлакатлар ҳам бунга қодир эмас. Ер юзидаги зилзилаларнинг 81 фоизи шу ҳудудларда рўй беради.

2015 йилда табиий офатлар кўп кузатилган ўн шаҳардан саккизтаси Филиппинда жойлашган.

Олов

Тектоник фаолликнинг яна бир томони вулқонли фаоллик ҳисобланади. Плиталар бир-биридан узоқлашган жойда Ер остидан бу бўшлиқни тўлдирувчи қайноқ магма отилиб чиқади.

Эфиопиядаги Данакиль дараси "Ер юзидаги энг шафқатсиз жой" сифатида тасвирланади. Бу уч плитанинг "учрашув жойи". Шунингдек, эҳтимол, дунёдаги энг фаол вулқонли жой ҳисобланар.

Бу ерда йиллик ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 34,4 даражани ташкил қилади ва бу уни Ер юзидаги энг иссиқ маконлардан бирига айлантиради. Ёғингарчилик кам бўладиган, вулқонли вайроналар, гидротермал далалар ва тузли текисликлардан иборат бу жойда ҳеч ким яшамайди деб ўйлашингиз мумкин, бироқ афарлар бу жойни ўз уйлари деб аташади.

Умуман одамларда географик жиҳатдан хатарли ҳисобланган жойларда яшаш каби ёмон одат бор. Бунга Италиянинг Везувий вулқони лаваси остида қолган Помпей қадимий шаҳри яққол мисол бўла олади. Бироқ замонавий шаҳарларнинг баъзилари ҳам вулқон хавфи мавжуд жойларда яшашни қўйишмайди. Неаполь Везувийдан 10 километрдан ҳам камроқ масофада жойлашган, Мехико эса - Попокатепетлдан 70 километр масофада.

2015 йилда чоп этилган тадқиқотга кўра, сўнгги 400 йил ичида 200 000дан зиёд киши бевосита вулқон отилишидан ҳалок бўлган. Халқаро экспертлар гуруҳи вулқон фаол бўлган ҳудудлар рўйхатини тузди. Унга кўра, Индонезия хатар гуруҳининг энг чўққисида.

Сумбава оролидаги Тамбора тоғи 1815 йилда 70 000 кишини ҳаётдан олиб кетди. Отилиш иқлимни вақтинчалик ўзгартирди, охир-оқибат вулқон янада кўп кишининг ҳаётига зомин бўлди.

2010 йилда Мерапи тоғи 350 кишини қурбон қилди. Яна ўн минг киши вақтинчалик эвакуация қилинди.

Мавзуга оид