Light | 11:12 / 05.02.2017
50123
3 дақиқада ўқилади

“Озодлик ҳайкали”нинг ғояси аслида араб аёли сиймосидан олингани айтилди 

Нью-Йорк шаҳрини безаб турган ва асрлар давомида бутун дунёдан миллионлаб муҳожирларни қарши олган “Озодлик ҳайкали”нинг ғояси аслида мисрлик араб аёли сиймосидан олинган. Бу ҳақда Yangidunyo.uz сайти ёзмоқда.

Нью-Йоркдаги ушбу машҳур ҳайкалнинг меъмори Александр Густав Эйфель ҳисобланади (Париждаги Эйфель минораси ҳам унинг ижоди). Ҳайкал Франция томонидан АҚШдаги Америка Инқилобининг юз йиллигига ҳадя сифатида тақдим этилган. Ғоя асосчиси Фредерик-Августо Бартолди ҳам француз миллатига мансуб, аммо ҳайкал учун илҳомни у Францияда эмас, Мисрда топган. 

1855 йили Бартольди илк бор Мисрга ташриф буюради ва у ердаги улкан ҳайкалтарошлик намуналарини кўриб ҳайратга тушади.  “Озодлик ҳайкали: Трансатлантик ҳикоя” асарининг муаллифи, тарихчи Эдуард Беренсоннинг фикрига кўра, Бартольди XIX асрнинг 60-йилларида Мисрдаги Сувайш каналининг очилишига атаб ҳайкал қуришга бел боғлайди. Ғоя Усмонли туркларнинг Мисрдаги волийси Исмоил Пошога таклиф қилинади. Озодлик ҳайкали ҳақида бир неча китоблар муаллифи Барри Моренонинг айтишича, “олов тутиб турувчи у ҳайкал араб деҳқон аёлининг сиймосида 86 фут баландликка эга бўлиши керак эди”. Шунингдек, араб аёлининг рўмолда бўлиши ҳам кўзда тутилган эди. Беренсоннинг сўзларига кўра, “ҳайкал каналнинг жанубий қисмида жойлашиши керак эди”. Аммо Миср ҳукмдори Исмоил Пошо канал учун катта миқдорда маблағ киритган ва ҳайкал лойиҳаси қимматга тушишини айтиб ғояни қабул қилмаган эди. Ҳайкалнинг илк номи эса “Осиёга нур таратиб турувчи Миср” бўлиши керак эди. 

Кейинчалик, Версаль яқинидаги кечки овқатда Бартольди ва унинг бир қатор юқори мартабали дўстлари Наполеон III’га қарши туриш ҳақида суҳбатлашиб қолишади. Суҳбат асносида АҚШга Америка Инқилобининг 100 йиллиги муносабати билан бирор совға қилиш ғояси уйғонади. Шунда Бартольдига бир фикр келиб қолади, “Аҳ! Менда ғоя бор! Мен шу араб аёли сиймосини Америка Инқилобига мос тушадиган қилиб ўзгартиришим мумкин”. Шу йўсинда деҳқон кийимидаги араб аёли ғояси асосида АҚШга ҳайкал совға қилишга келишиб олишади. 

Лойиҳа АҚШга таклиф сифатида киритилганида, уни қадимги Римдаги озод қуллар худоси Либертас, дея таништиришади. Янги шаклда рўмол олиб ташланади, лекин аёлнинг усткийими эски ҳолида қолдирилади. Франция номидан АҚШга ҳадя тариқасида тақдим этилган, аввалида мисрлик муслимани акс этиши кўзда тутилган “Озодлик ҳайкали” 1886 йили 28 октябрь куни президент Грувер Кливленд бошчилигида ўтказилган очилиш маросимида Нью-Йорк шаҳрида қад ростлайди.

Мавзуга оид