Спорт | 15:11 / 09.02.2017
13328
2 дақиқада ўқилади

Собиқ машҳур дарвозабон Виктор Чанов вафот этди

Собиқ иттифоқнинг машҳур футбол дарвозабони, ҳозирда Туланинг "Арсенал" клуби дарвозабонлари мураббийи Вячеслав Чановнинг укаси Виктор Чанов 57 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда "Р-Спорт" нашри.

Собиқ иттифоқнинг 3 карра чемпионининг вафоти ҳақида унинг яқинлари маълум қилишган. Футболчи 8 февралда ҳаётдан кўз юмган. Чановнинг вафоти сабаблари маълум қилинмаган. Бироқ интернетдаги маълумотларга кўра, собиқ дарвозабоннинг вафотига 2017 йил 20 январда номаълум кимсалар томонидан қилинган ҳужум оқибатида олган бош мия-чаноқ жароҳати сабаб қилиб кўрсатилган.    

Виктор Чанов Донецкнинг "Шахтёр" (1978-1981), Киевнинг "Динамо" (1982-1990), Исроилнинг Хайфа шаҳридан "Маккаби" (1990-1993) ва "Бней Иегуду" (1993-1994) клубларида ўйнаган. Бундан ташқари, Чанов Собиқ иттифоқ терма жамоаси сафида 21 та ўйинда майдонга тушган. Бу ўйинлар орасида 1986 йилги жаҳон чемпионати ва 1988 йилги Европа чемпионати финал босқичларидаги ўйинлар бор. Евро-1988’да Собиқ иттифоқ терма жамоаси финалгача етиб бориб, у ерда Голландия терма жамоасига имкониятни бой берганди.     

1995 йилда Чанов мураббийлик фаолиятини бошлаган ҳамда Киевнинг ЦСКА ва "Динамо" клубларида фаолият юритган.

1986 йилда Собиқ Иттифоқда "Йил дарвозабони" деб топилган. 1986 йилда Киевнинг "Динамо" клуби сафида Кубок эгалари кубоги ғолиби бўлган.  

Мавзуга оид