Спорт | 23:12 / 10.02.2017
22574
3 дақиқада ўқилади

«Сурхон» клуби қайта ташкил этилди

2017 йилги мавсумдан бошлаб  Ўзбекистон XXVI миллий чемпионати биринчи лигасида Сурхондарё вилояти шарафини Термиз шаҳрининг «Сурхон» клуби ҳимоя қилади.

6 февраль куни Сурхондарёда ушбу клубнинг қайта тикланиши масаласида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. 

Мазкур йиғилишда маданият ва спорт ишлари бошқармаси, вилоят футбол федерацияси, «Сурхон» профессионал футбол клуби, «Нефтчи» (Жарқўрғон) клуби раҳбарлари, мураббийлар, шаҳар ва туман ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасадди муассасалар раҳбарлари ва матбуот ходимлари иштирок этди.

Сурхондарё вилояти футбол федерацияси президенти ҳам ҳисобланадиган Эркинжон Турдимов федерация фаолияти танқидий таҳлил қилиб, бугунги кунда футбол оммавийлигини ошириш ва ривожлантириш, профессионал футболнинг моддий-техник базасини шакллантириш бўйича мавжуд муаммолар таъкидлаб ўтган.

Бу клуб ўтган мавсумда Жарқўрғонинг «Нефтчи» ва вилоятнинг бошқа жамоалари таркибларида тўп сурган маҳаллий футболчилар ҳисобига шакллантирилади.  Айни чоғда Термизда профессионал футбол клуби фаолиятини тўғри йўлга қўйиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда «Сурхон» ПФК раҳбарияти жамоа аъзолари учун қулай шарт-шароитлар яратиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилган. Жумладан, шу кунгача вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти вазифасида ишлаб келган Эркин Боқиев ўз вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига ўз вақтида «Тўпаланг» (Сариосиё), «Бухоро», «Сурхон»(Термиз) жамоаларида ўйнаган, охирги пайтда Сариосиё туман БЎСМида мураббий-ўқитувчи бўлиб ишлаган Нажмиддин Мелиқулов вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти этиб тайинланган.

Турли йилларда «Насаф» (Қарши), «Қизилқум» (Навоий) профессионал футбол клубларида матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлаган Эркин Холбобоев «Сурхон» профессионал футбол клуби Ижрочи директори, «Машъал» (Муборак), «Норин» (Ҳақулобод) ва «Хоразм» каби жамоаларда фаолият кўрсатган мутахассис Вали Келдиев эса жамоа бош мураббийи сифатида иш бошлаган.

Мавзуга оид