Душман отган тош эмас, дўст отган гул қаттиқ тегар...
Дўстлик ва садоқат тушунчалари бир-бирига маънодош ва бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган сўзлардир. Тўғрироғи, садоқат бу – дўстлик дегани, дўстлик эса садоқат демакдир. Зеро, араб тилидан кириб келган садоқат сўзи дўстлик маъносини ифода қилади. Чунки ҳақиқий дўст садоқатли бўлади. Содиқ дўст деган сўз ҳам шундан келиб чиққан. Садоқат - дўстлик киши учун насиб қилиши мумкин бўлган неъматларнинг энг яхшиларидан биридир, деб айтсак хато қилмаган бўламиз. Бу неъматни фақат ҳақиқий дўсти бор одамгина тўлақонли ҳис қила олади.
Садоқат - дўстлик “сидқ” сўзидан олинган. “Сидқ” эса ростгўйлик, самимият ва вафодорликни англатади. Зеро, дўст дўстига нисбатан ростгўй, самимий ва вафодор бўлади.
Дўстлик тушунчасининг мазмун моҳияти ҳақида донишманд кишилар, олиму фозиллар томонидан кўплаб сўзлар айтилган бўлиб, уларнинг баъзиларини сиз азизлар билан баҳам кўрамиз.
- Дўстлик шундай бир дарахтдирки, уруғи вафо, шоҳлари умид, япроқлари саодатдир.
- Дўстлик бир шаҳардирки, калити вафо, аҳолиси эса вафодорлардир.
- Дўстлик усиз инсон яшай олмайдиган куч-қувват манбаидир.
- Дўстлик икки шахснинг гўёки бир шахс сифатида бирлашиб кетиши ва ягона фикрни ўзида ташимоғидир.
- Дўстлик у орқали киши ўз дардини чиқариб юбориб, енгил нафас оладиган бир туйнукдир.
- Дўстлик ўзга учун ўз манфаатларини қурбон қилиш, фидокор бўлиш ҳамда худбинлик иллатидан озод бўлишдир.
Дўстлик ва садоқат вафодорлик ва фидокорлик тушунчаларига туташ бўлган туйғудир. Хиёнат унга буткул бегона. Ҳақиқий дўст дўстига ҳеч қачон хиёнатда бўлмайди.
Дўстнинг, яқин кишининг хиёнати жуда оғир ва аламли бўлади. Уни қалбдан буткул ўчириб юбориш мушкул. Дўст томонидан етказилган кичик азият ҳам зоҳиран кичик бўлиб кўрингани билан аслида катта бўлиб, қалбда чуқур жароҳат қолдиради. Чунки, дўстдан жафонинг каттаси ҳам, кичиги ҳам кутилмайди. Наинки жафо, балки, қандайдир эътиборсизлик, бемеҳрлик ҳам дўст билинувчи кишидан содир бўлиши кўнгилга оғир ботади. Донишмандлардан бири шунга ишора қилиб: "душманларим тош отди, парво қилмадим. Дўстларим отган гулдан бошим ёрилди", деган экан. Демак инсон ўзига яқин бўлмаган, дўст ҳисобламаган одамлардан етадиган азиятларга улар ҳарчанд катта ва оғир бўлмасин, бардош бериши мумкин. Аммо, дўст деб билган инсондан содир бўладиган кичик азиятни ўзига қаттиқ олар экан.
Дўст, оға - ини шуниси билан ҳам дўстки, у дўстининг аҳволини айтмаса ҳам сезади, унинг эҳтиёжини ўз эҳтиёжидан устун қўяди. Дўстининг дарди билан ўз дардидан кўра кўпроқ оғрийди. Унинг ташвиши билан яшайди. Ҳақиқий дўстлик қуёш ботиши каби ғойиб бўлмайди, қорнинг эришидек эриб кетмайди. У ҳечқачон ўлмайди. Илло, қалбдаги муҳаббат ўлсагина ўлиши мумкин. Дўстлик бу иймон аломати. У виждонни маскан тутади, ҳеч қандай мезонда ўлчанмайди. Уни моддий қиймат билан баҳолаш мумкин эмас.
Ҳақиқий дўст бирор ўтиришга келиб қолсангиз, дарров сизга жой беради. Кўришганда биринчи бўлиб салом беради. Мабодо, ишингиз тушса қувонч ва шодлик билан ҳожатингизни раво қилиш йўлида елиб-югуради. У ўзига яхши кўрган нарсасини сизга ҳам яхши кўради. Ҳатто сизни ўзидан устун қўяди. Доим сизга яхшиликни раво кўради. Ҳақиқий дўст бирор моддий ёки маънавий манфаатни кўзламаган ҳолда сизни Аллоҳ учун яхши кўради. У ҳаётингиз тўкин-сочинлигида ҳам, машаққатли пайтида ҳам, шодликда ҳам, қайғуда ҳам, кенгчилигу торчиликда ҳам ёнингизда туради. Ҳақиқий дўст айбингни кўрса, танҳоликда насиҳат қилади. Яхши ишингизни устидан чиқса, шижоатлантиради. Эзгу ишларни амалга оширишингизда кўмакчи бўлади. Чин дўст сиз ҳақингизда доимо яхши фикрда бўлади. Бордию унга нисбатан хатоликка йўл қўйсангиз ҳам бунинг учун узр топади. Кечириб кетади.
Она замин фақат маълум мавсумлардагина мева берса, дўстлик меваси ҳар лаҳзада терилади. Ҳакимлардан бири дўстликни шамсияга (зонтик) менгзатади. Ёмғир кучайган сари соябонга эҳтиёж ортганидек, мусибат ва мушкилот ёмғирлари бошингиз узра шиддатли тус олгани сари дўстлик шамсиясига ҳам эҳтиёжингиз кучаяверади. “Ёмғир”дан соябон бўлмаган дўст дўст эмас. У шунчаки, таниш -билишлардан биридир.
Ҳақиқий дўст шундай кишики, у билан бирга бўлсангиз, худди ёлғиз ҳолда бўлганингиздек ўзингизни бетакаллуф тутасиз. У қайсидир камчилигингиз туфайли сиздан юз ўгириб кетмайди. Йиғингиз учун йиғлайди, шодлигингиз учун қувнайди. Узрингизни қабул қилади, хатоингизни кечиради ва йўқлигингизда ҳам сизга вафодорликни сақлайди, кам - кўстингизни тўлдиради.
Эҳтимол, ҳаётингиз давомида шундай дўстни учратарсиз, эҳтимол учратмассиз. Аммо дунё бундай кишилардан холи эмас. Имом Шофеий (р.ҳ): "агар дунёда содиқ дўст бўлмаса, бундай дунёга алвидо бўлсин!", деган эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак бир ҳадисларида "мўмин киши дўст бўлади ва дўст қилинади. На дўст бўладиган, на дўст қилинадиган инсонда яхшилик йўқ!", деганлар (Имом Аҳмад ва Баззор ривояти).
Динимиз дўстлик дини. Унда худбинлик қораланади. Аксинча, ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш каби олийжаноб хислатлар тарғиб ва тараннум этилади. Оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлларига ва У зотнинг саҳобалари ҳаётига назар солар эканмиз, кўз ўнгимизда дўстлик тушунчаси ўзининг бор - бўйи билан гавдаланади.
Саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йигирма уч йиллик пайғамбарлик ҳаётлари мобайнида дунёдаги мазкур тушунча қайта жонланди, барқ уриб яшнади ва оламни гўзалликка буркади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ёри Ғор деб ном олган Абу Бакр Сиддиқнинг ўз дўстига кўрсатган мисли кўрилмаган жонфидоликлари, бир умр азон айтиб одамларни хушнуд қилиб келган Билолнинг дўсти вафотидан сўнг азон айтолмай қолиши, ҳатто дўстининг шаҳридан узоқларга кетиб қолиши ва бошқа кўплаб мўъжизавор, ақл бовар қилмас даражадаги садоқат намуналари нимадан далолат беради?! Дўстликдан эмасми?!
Донишмандлардан бири айтади: "менинг кўзларим учун дўстларим манзарасидан-да маҳбуброқ нарса йўқ. Қулоқларим учун дўстларим сафардан қайтгани ҳақидаги хушхабардан - да яхшироқ роҳат берадиган мусиқа йўқ".
Имом Ғаззолий "Иҳёу улуми-д-дин" асарида дўстликни уч мартабага бўлади. Биринчи, энг қуйи мартабадаги дўстлик шундан иборатки, дўст ўз дўстига худди қулига муомала қилгандек муомалада бўлади. Яъни, хожа қулини худди ўзи каби таъминламаса ҳам аммо, оч - яланғоч бўлиб қолмайдиган даражада ўртача ейиш - ичиши ва ўртача кийиниши, ётоғи ва касал бўлиб қолса даволанишини таъминлаганидек, дўстини оч ва юпун ҳолда қолдирмайди, касал бўлганини эшитгач, билиб туриб, ўлиб кетишига қараб турмайди.
Иккинчи мартабадаги дўстликда дўст ўзига қандай қараса, дўстига ҳам шундай қарайди. Ўзи учун яхши кўрган нарсани дўстига ҳам илинади. Бу биринчи мартабадан юқорироқ албатта. Учинчи олий мартабадаги дўстлик эса киши ўз дўстининг эҳтиёжини ўзиникидан устун қўйишида акс этади. У ўзи учун яхши кўрган нарсасини энди ўзига эмас, дўстига бериб, уни ўзидан ийсор этади.
Ҳозирги моддиёт ва бошқа турли хил муаммолар гирдобида қолган ҳамда жамоавийликдан кўра фардийлик (индивидуализм) тобора кишилар онгига ҳукмрон бўлиб қолётган бу асримизда юқоридаги мисолда келтирилган дўстлик мартабаларининг энг пастки даражасини ҳам топиш борган сари амримаҳол бўлиб бормоқда. Лекин, аввалроқ айтганимиздек, дунёда чин дўстлик ҳали ҳам бор. У завол топмаган. Фақат, инсон чин дўстни топиш учун аввал ўзи кимгадир дўст бўлишга ҳаракат қилмоғи мақсадга мувофиқдир.
Яна мазкур асарни ўқир эканмиз дўстлик тушунчаси ва у тақозо қилувчи мажбуриятлар борасида ажиб сўзларга дуч келамиз: "агар дўстингга бирор ҳожатинг тушадиган бўлса, буни унга айт. Мабодо унда ҳечқандай ҳаракат кўрмасанг, яна бир марта эслат, зеро, инсон унутувчидир. Эҳтимол ёдидан кўтарилгандир. Агар яна эсидан чиқиб қолса, яна эслат. Бордию, шунда ҳам сенинг эҳтиёжинг бўйича унда ҳечқандай ҳаракат сезмасанг, унга тўрт марта такбир айтгинда, йўлингда давом этавер. Зеро, у кимса ўлик экан" ("Иҳёу улуми - д - дийн"). Демак, дўст фақат ўлик ҳолда бўлсагина дўстининг шикоятини тингламас, унга ёрдам қўлини чўзмас экан. Тирик бўла туриб, дўсти учун югуриб - елмаган инсон ҳам ўлик мақомида бўларкан.
Ибн Шубрума айтади: “Дўстингга бирор ҳожатинг юзасидан илтимос қилганингда у ҳожатингни раво қилиш учун ўзини заррача ҳам қийнамаса, таҳорат қилиб, тўрт такбир айт ва уни ўликлардан деб ҳисоблайвер”. Ийсор яъни ўзганинг эҳтиёжини ўз эҳтиёжидан устун қўйиш ва фидокорлик тушунчаси мусулмонликнинг юксак фазилатларидан бири саналади. Шонли ўтмишимиз ийсор ва фидокорликнинг гўзал намуналарини ўз ичига олган ибратли воқеалар билан тарих саҳифаларига зеб берган.
Аммо, бугунги кунга келиб, бу нарсалар кўпчилик учун тарихда қолиб кетган ҳикоялардек туюлади. Оммавий маданият ва глобаллашув дунё халқларига ўзининг салбий, яна ҳам тўғрироғи ҳалокатли таъсирини ўтказаётган асримизда худбинлик ва манфаатпарастлик кишилар табиатига ғолиб келаётгани сир эмас. Одамлар “мендан кейин тўфон бўлмайдими?!”, деган ғарбона дунёқарашни ўзларига шиор қилиб олганлар. Бу эса жамият бирлигига путур етказадиган хатарли тушунчадир. Ҳолбуки, жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом кўплаб муборак ҳадисларида мусулмонларни бир жасадга ўхшатганлар. Киши ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўлолмаслигини таъкидлаганлар. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Набий алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар: “то ўзига яхши кўрган нарсани дўсти учун ҳам яхши кўрмагунча бирортангиз (комил) мўмин бўлолмайсиз!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу муборак набавий ўгит борасида тафаккур юритилса, ундан олам - олам маъно ва сабоқлар балқиб чиқади. Динимиз кишиларнинг Аллоҳ билан бўлган алоқаларини тиклашга буюрганидек, ўзаро инсоний алоқа ва ришталарни ҳам гўзал равишда тартибга солишга чақиради. Ҳатто комил иймонга эришиш учун мазкур инсоний алоқаларни камолотга етказиш шарт қилинади. Ана шунда жамиятда иноқлик, тотувлик ҳукм суради. Фозил жамият вужудга келади. Бу эса ҳарбир шахс бошқа шахс манфаати учун ўз манфаати йўлида ҳаракат қилганидек ҳаракат қилиши орқалигина юзага келиши мумкин.
Иймоний камолотга эришишни истаган киши ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўриши лозим. Бу эса кишидан оғир меҳнат талаб этадиган нафс тарбиясини тақозо қилади. Зеро, ўзи учун севимли бўлган нарсани бошқалар учун ҳам севиш даражасига эришиш учун инсон кечиримлилик, саховат, олийжаноблик, ҳожатбарорлик каби ўз хулқи ва табиатини олий қиладиган фазилатлар касб этишга интилиши, айни чоғда худбинлик, ҳасад, кибр, қизғанчиқлик, ўзгаларни таҳқирлаш, хусуматчилик каби тубан хислатлардан қалбини поклашга ҳаракат қилмоғи лозим. Мазкур ҳадисга амал қилган одам ҳаммага яхшиликни раво кўради. Ўзга диндагиларга ҳам ёмон оқибатни соғинмайди. Ҳечкимни шахси учун ёмон кўрмайди. Балки, барчани дунё ва охиратда саодатга эришишига орзуманд бўлади.
Ўзига яхши кўрган нарсани бировга ҳам насиб бўлишини яхши кўриш ўтган улуғларимизга жуда ҳам таниш бўлган тушунча эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу): “Аллоҳнинг китобидан бирорта оятни ўқисам, яхшиликни бошқаларга ҳам раво кўриш юзасидан қанийди ҳамма одамлар ўша оятни мен каби билсалар эди, дея орзу қиламан. Агар бирор қишлоқда ёмғир ёғиб, ўт - ўлан ва мева - чевалар сероб бўлганини эшитсам, гарчи ўша қишлоқда менинг чорваларим бўлмаса ҳам улар учун албатта хурсанд бўламан”, дер эдилар.
Сўзимиз сўнгида Аллоҳ таолодан гўзал ва жонажон юртимизнинг тинчлик - саломатлиги давомий бўлишини, юртдошларимизнинг ўзаро тотувлиги янада мустаҳкам бўлишини сўраб қоламиз. Парвардигори олам барчамизга чин дўстлик ва садоқат каби олий фазилатлар насиб этсин!
Одилхон қори Юнусхон ўғли
«Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиб
Мавзуга оид
09:07 / 27.08.2023
Дийдор ғанимат: бухоролик аскарнинг 38 йилдан бери қидираётган қуролдош грузин дўсти топилди
17:44 / 28.05.2017
«Болалар ўлди ва буни мен билган инсон амалга оширди»
00:54 / 23.02.2017
Дубайда даҳшатли "дўстона" қотиллик содир этилди
13:23 / 17.08.2016