Фан-техника | 00:31 / 15.02.2017
34285
5 дақиқада ўқилади

UZCARD тизими 2016 йилги фаолиятини сарҳисоб қилди

Ўзбекистоннинг электрон тўловлар бозори фаол ўсмоқда, зеро транзакциялар сони, тўлов сервислари томонидан қайта ишланувчи пул воситалари ҳажми ошиб бормоқда. Мобил тижорат ва тўловлар орқали тўлдирилиб борилаётган электрон пулларни қўллаш кўлами ҳам кенгаймоқда. 2016 йил ўзбекистонликлар томонидан пластик карталар орқали амалга оширилган тўловларнинг энг сермаҳсул даври бўлди. «UZCARD» банклараро тўлов тизими 2016 йилги фаолиятини сарҳисоб қилди.

Нақд пулсиз тўловлар

Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ)нинг мониторинг натижалари таҳлилига кўра, тўлов карталари ёрдамида амалга оширилган харидлар сони 2016 йилда тезкор суръатларда ўсган.

Пластик карталар бўйича транзакцияларнинг умумий сони 1018,0 миллион донани ташкил қилган ва 2015 йилга нисбатан 81 фоизга ошган (2015 йилда - 561,8 миллион дона).

2016 йилда транзакцияларнинг умумий суммаси 53,3 триллион сўмни ташкил қилган ва ўтган йилга нисбатан 74 фоизга ошган (2015 йилда - 30,7 триллион сўм).

E-Commerce

Электрон тижорат бўйича якуний маълумотларнинг кўрсатишича, 2016 йилда ЯУПМ билан бир вақтда республиканинг баъзи тижорат банклари ҳам электрон тижорат соҳасида ўз маҳсулотларини маҳаллий бозорга олиб чиқишган. Ўзбекистонликлар борган сари кўпроқ мобил қурилмалардан фойдаланиб, онлайн-тўловларни амалга оширишмоқда.

2016 йилда Ўзбекистонда электрон тижорат барқарор ўсишни намойиш этди. ЯУПМ экспертлари баҳоларига кўра, ўтган йили мамлакатдаги онлайн-бизнес 2015 йилга нисбатан катта тезликда ривожланди. Масалан, 2016 йилда e-commerce транзакциялари сони 155,3 миллион донани ташкил қилган, бу 2015 йилга нисбатан 90 фоизга кўп демакдир (2015 йилда - 81,8 миллион транзакция қайд этилган).

2016 йилда электрон тижорат бўйича транзакцияларнинг умумий суммаси 998,192 миллиард сўмни ташкил қилди, яъни 2015 йилга нисбатан 130 фоизга ошди (2015 й - 433,398 миллиард сўм).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида 2016-2018 йилларда электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда молиявий хизматларнинг онлайн-имкониятларини кенгайтириш мақсадида янги «Woy-wo’» ЯУПМ лойиҳаси пайдо бўлди.

Бу - бугунги кунда Интернет-дўконлар, йирик супермаркетлардан харидларни осонликча амалга ошириш, уяли алоқа хизматлари учун ҳисоблашиш, ўқув марказларига пул ўтказиш мумкин бўлган портал. Фаол ривожланиб бораётган «Woy-wo’» тўлов лойиҳаси Интернет-майдонида турли товар ва хизматларни етказиб берувчилар ва истеъмолчиларни бирлаштиради.

ЯУПМ экспертларининг таъкидлашича, мобил тўлов сервислари истеъмолчиларга уларнинг шахсий ва молиявий маълумоти ҳимоя қилинишига ишонтира олган. Бу ҳам Ўзбекистонда электрон тижорат тараққиётининг асосий омилларидан биридир.

E-Commerce ривожининг ижобий динамикаси ҳақида сўз юритар эканмиз, тўловларнинг аксарияти мобил алоқа, интернет хизматлари тўловлари туркумига киришини таъкидлаш жоиз, яъни бунда мижоз дарҳол рақамли хизмат ёки контентга эга бўлади. Классик товарларга келадиган бўлсак, истеъмолчи ҳануз онлайн-харидларга ишончсизлик билан муносабатда бўлмоқда. Бундан ташқари, соҳанинг гуллаб-яшнаши учун шунга мувофиқ логистик инфратузилма зарур.

Онлайн ва офлайн карталар

Бугунга келиб, Ўзбекистонда тўлов карталари онлайн ва офлайн режимда ишламоқда. Онлайн режимида ишловчи карталар сони тезкор суръатларда ўсиб бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари томонидан 11 миллиондан зиёд «Uzcard EMV» (онлайн) тизимидаги карталар чиқарилган.

Мазкур тизим янги функцияларни оператив киритиш ҳамда банк ва тўлов хизматларининг янги турларини жорий қилиш учун катта имкониятларни очди. Шунингдек маълумотнинг ҳимоя даражасини оширди ва фирибгарликнинг олдини олишга ҳисса қўшди. Тизимнинг қулайлиги яна шундан иборатки, «Uzcard EMV» эгалари вақтни бой беришмайди. Банк муассасаларига боришмайди, тўловларни амалга ошириш учун касса олдида навбат пойлашмайди.

2016 йилда Ўзбекистонда эски намунадаги (DUET – Офлайн) тўлов карталари бўйича транзакциялар сони қисқаришда давом этди, онлайн транзакциялар (Smart Vista – онлайн) сони эса, аксинча, шиддат билан ўсди.

2016 йилда мамлакатимиздаги нақд пулсиз, онлайн-карталар орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми 48,30 триллион сўмни ташкил қилди. Офлайн-карталар орқали эса 5,01 триллион сўмлик тўловлар амалга оширилди.

2016 йилда янги намунадаги тўлов карталари (Smart Vista-онлайн) бўйича транзакциялар сони 916,2 миллион донани ташкил қилди (2015 йилда - 391,0 миллион дона). Эски намунадаги тўлов карталари (Duet – офлайн) бўйича транзакциялар сони 101,9 миллион донани ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кам (2015 йилда - 170,8 миллион дона).

2016 йил статистикасига кўра, онлайн-транзакциялар сони ошиб, йил охирида ўсиш 103 фоизни ташкил қилган. Офлайн-транзакциялар кўрсаткичлари эса йил охирига бориб 68 фоизга пасайган.

2016 йил давомида пул эквивалентидаги онлайн-транзакциялар умумий ҳисобда барқарор ривожланган (йиллик ҳисобда 135 фоизга ўсган). Шунингдек офлайн пластик карталардан тўланган харидлар суммаси ҳажми 71 фоизга камайган.

Мавзуга оид