Жаҳон | 14:44 / 16.02.2017
39152
3 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмон ўғлига президент бўлиши учун тавсияларини берди

фото : Рустам Имомали

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбе шаҳри фаоллари билан учрашувида ўғлини нима учун пойтахт ҳокими этиб тайинлаганини маълум қилди. Президентнинг қайд этишича, унинг учун бу қарорни қабул қилиш осон бўлмаган. Бу ҳақда Asia Plus медиа гуруҳи хабар қилмоқда.  

«Пойтахт ҳокимлигини эгаллашдан аввал, Рустам Имомали жиддий давлат тузилмаларида етарли тажриба орттирди. Бундан ташқари, сир эмаски, шаҳардаги муаммоларни ҳал этишда унга четдан босим ўтказа олишмайди», - деган президент. Унинг таъкидлашича, «Рустам Имомали ўзига юкланган барча вазифаларни уддалай олади». Шу билан бирга, давлат раҳбари ўғлига халққа яқин бўлишни маслаҳат берган.

«Бизнинг халқимиз жуда мулойим ва юмшоқкўнгил. Унга кўп нарса керак эмас – доимо электрэнергияси, арзончилик ва муҳими, кўнгли тусаган муносиб иши бўлса бас. Уларни шу эҳтиёжлари билан таъминла, одамлар сени ҳамма нарсада қўллаб-қувватлайди. Халққа яқин бўл, анжуманлар ва дабдабали саройларда эмас, одамлар билан кўпроқ учраш. Уларнинг уйларига бор, оддий ишчи, хизматчи билан уларнинг дастурхони атрофида ўтир. Бу билан сен нафақат уларнинг ҳурматини қозонасан, балки оддий халқ қандай яшаётганини ҳам англайсан», - деган давлат раҳбари. 

Имомали Раҳмон, шунингдек, мамлакатнинг аввалги ва ҳозирги ижтимоий-иқтисодий аҳволи, шаҳарнинг машаққатлари ва эришган ютуқлари хусусида ҳикоя қилган. 

Бундан ташқари, Тожикистон раҳбари Душанбе шаҳри халқ хўжалигининг муҳим соҳаларидаги ҳолатни батафсил таҳлил қилган ва барча муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатли шахсларга топшириқлар берган. Давлат раҳбари Коррупцияга қарши агентликка 1 июлгача бўлган муддатда қурилиш иншоотлари учун ажратилган республика ва пойтахтнинг бюджет маблағларидан фойдаланишни текшириш вазифасини ҳам топширган. 

Рустам Имомали 2017 йил 12 январида Душанбе шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган эди. У Маҳмадсаид Убайдуллоев ўрнини эгаллаган эди. 

Мавзуга оид