Ўзбекистон | 12:34 / 16.02.2017
27216
3 дақиқада ўқилади

«Тараққиёт стратегияси» Маркази ташкил этилди

Ўзбекистон давлат раҳбари «Тараққиёт стратегияси» марказини барпо этиш таклифини маъқуллади. У қатор жамоат ва давлат ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этилади. Марказ Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини ижро этиш доирасида ташкил этилмоқда. 

«Тараққиёт стратегияси» маркази нодавлат нотижорат ташкилоти мақомига эга бўлиб, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш бўйича мустақил институт, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинг қилиш институти, Савдо-Саноат палатаси, Ўзбекистон адвокатлари палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси унинг муассислари ҳисобланади. 

Марказ фаолияти Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган чораларни ҳаётга татбиқ этиш ва ҳар томонлама қайта кўриб чиқиш, экспертлар ва жамоатчилик иштирокидаги муҳокамаларда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш жараёнига фуқаролик институтлари вакиллари, мутахассислар ва олимларни кенг жалб қилиш билан боғлиқ бўлади. 

Марказ Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган анжуманларнинг ахборот-таҳлилий баёни, илғор хорижий тажриба, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг баҳоларини ўрганиш ҳамда уларнинг кенг муҳокамасини ташкил этиш билан шуғулланади. 

Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясининг самарали ижроси, қонун, қонуности ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам Марказ вазифаларига киради. 

Техник кўмак бериш воситалари, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, ННТ, таҳлил ва ўрганишлар хизмати учун вазирлик ва идоралар томонидан тўланадиган хизмат ҳақлари ва бошқалар Марказнинг молиявий манбаси ҳисобланади. 

Шу билан бирга, Марказ фаолиятига кўмак бериш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби ҳам тасдиқланган. У Марказнинг давлат органлари билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилишини таъминлайди ва унга юкланган вазифаларни ижро этишга ёрдам беради. 

Марказнинг ижрочи директори сифатида Акмал Бурҳонов тайинланган. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, юридик ва таълим соҳалари, халқаро лойиҳаларда ишлаш бўйича етарли тажрибага эга мутахассисдир. Бурҳонов Япония университети битирувчиси сифатида, бироз вақт Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори ҳам бўлиб ишлаган. 

Мавзуга оид