Ўзбекистон | 15:17 / 22.02.2017
20513
2 дақиқада ўқилади

Урганч-Хива темир йўли қачондан ишга туширилиши маълум бўлди

Архив фотоси

“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси Урганч-Хива янги темир йўл линиясини жорий йил якунига қадар йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар берди компания бош муҳандиси Ҳуснитдин Ҳосилов Спутникка.

Унинг сўзларига кўра, янги темир йўл магистралининг узунлиги қарийб 30 километрни ташкил этади. У Хоразм вилояти маъмурий марказини бутун дунёга машҳур "очиқ осмон остидаги музей" – Хива билан боғлайди.

"Давлат раҳбари январь ойи охиридаги Хоразм вилоятига ташрифи давомида ушбу йўлни қуриш ҳақидаги ташаббусни илгари сурди. Давлат раҳбарининг топшириғидан бир кун ўтиб йўл қуриладиган ерга мутахассисларнинг махсус ишчи гуруҳи чиқди, “Ўзбекистон темир йўллари” таркибига кирувчи иккита лойиҳа институти эса янги магистралнинг лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлади. Техника эса уч кун ўтиб ишларни бошлади”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Эслатиб ўтамиз, Хивада лойиҳа доирасида замонавий вокзал қуриш ҳам назарда тутилган, у барча замонавий архитектура қарорлари ва музей-шаҳарнинг қадимий руҳидан далолат берувчи жиҳатлар билан уйғунлаштирилади.

Темир йўл линияси электрлаштирилади, келажакда эса бу ердан Talgo замонавий юқори тезликдаги поездлари қатнайди. Мутахассисларнинг фикрича, уни йўлга қўйиш минтақадаги йўловчи ва юк ташишлар салоҳиятини ошириб, сайёҳлар оқимининг кўпайишига олиб келади.

Аввалроқ Ўзбекистонда “Урганч-Хива” темир йўл линиясининг қурилиши бошлангани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид