Жаҳон | 10:54 / 03.03.2017
8752
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг янги круиз лайнери биринчи сафарини баҳсли оролларга уюштирди

Хитойнинг янги круиз лайнери Changle Princess (Малика Чанлэ) Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Сиша оролларига (Парасел ороллари) экотуристик йўналиш бўйича биринчи сафарига жўнади.

Аввалроқ лайнер оператори Hainan Strait Shipping Co. компанияси узунлиги 126,6 метр ва эни 20,5 метрлик лайнер Сиша оролларига март ойида биринчи рейсини амалга оширишини маълум қилганди.

Кема Санья шаҳридаги Фэнхуандао портидан 2 март куни жўнаган.

"Синьхуа" ахборот агентлигининг маълум қилишича, кемада 330 йўловчига мўлжалланган 82 та каюта, ресторан, супермаркет ва тиббий пункт мавжуд.    

Аввалроқ Хитойнинг Хайнань вилояти 2020 йилгача яна бир баҳсли ороллар – Наньша (Спратли) оролларига мунтазам круиз сафарларини йўлга қўймоқчилиги маълум қилинганди.    

Хитой Сиша ва Наньша архипелагларини ўзиники деб ҳисоблайди ва бу ороллар ҳамда унинг атрофидаги сув ҳудудларидаги фаолияти қонуний эканлиги ва Хитой суверенитети остига тушишини таъкидлаб келади. Бу оролларга минтақадаги қолган давлатлар ҳам даъвогарлик қилиб келади. 

Мавзуга оид