Спорт | 08:45 / 09.03.2017
43640
6 дақиқада ўқилади

Сиз бунинг тирик гувоҳисиз! «Камп Ноу»да ёзилган янги тарих

Европа чемпионлар лигасининг 1/8 финалидан олган тарихий учрашув ниҳоясига етди. Биринчи учрашувда 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраган «Барселона» жавоб учрашувида керакли натижани қўлга кирита олди.

Ўйин Луис Энрике шогирдларининг режаси асосида бошланди. Мезбонлар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Рафиньянинг узатмасидан кейин тўп ҳимоячининг бошидан дарвозабон майдончаси олдида турган Суаресга келиб тушди ва у бош билан тўпни посбоннинг устидан ошириб қўйди.

Бу гол парижликлар жамоасини хавотирга солди ва улар тўлиқ ҳимояга ётиб олишди. «Барселона» футболчилари рақибнинг зич ҳимоясига қарши олис масофадан зарбалар бериб ўйинни давом эттиришди. Хусусан, баҳснинг 17-дақиқасида Неймарнинг айланма зарбасидан кейин тўп олис устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

Биринчи бўлимга тугашига 5 дақиқа қолганида «Барселона» иккинчи голни уришга муваффақ бўлди. Суарес жарима майдончасига узатма берди. Иньеста рақиб ҳимоячиси Маркиньос билан тўп учун кураш олиб борди, бу вазиятда бразилиялик футболчи тўпни исталган томонга тепиб юбориши мумкин бўлган вақтда сусткашлик қилди ва Иньсета чизиқ устида тўпни товони билан қайтариб қолди. Тўп Левон Курзавага келиб тушди ва буни кутмаган футболчи ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

Иккинчи бўлим боши мезбонлар учун яна омадли келди ва жамоа пенальти ишлашга муваффақ бўлди. Иньестанинг узатмасидан кейин Неймар чап қанотдан жарима майдончасига кирди, аммо Рабью уни йиқитди. Ҳакам дарвоза ортидаги ҳакам билан маслаҳатлашгандан кейин нуқтани кўрсатди. Месси кучли зарба билан ҳисобни 3:0 кўринишига келтириб қўйди.

Эндиликда «Барселона» яна битта гол урса, умумий ҳисобни тенглаштириб, ўйинни камида қўшимча бўлимларга кўчира олиши мумкин бўлган вазият юзага келди.

Ўтказиб юборилган учинчи голдан кейин меҳмонлар жамоаси уйғонди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, улар битта жавоб тўпини киритишлари мумкин эди. Менье ўнг қанотда Умтитини алдаб ўтди ва жарима майдончаси узатма берди. Каванининг яқин масофадан берган зарбасидан кейин тўп устунга тегиб, майдонни тарк этди.

Баҳснинг 62-дақиқасида парижликлар барибир рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Меҳмонлар майдон марказида жарима тўпини ўйинга киритаётганида каталонияликлар суст ҳаракат қилишди. Етказиб берилган узатмани Курзава бош билан Каванига ташлаб берди. Эдинсон эса тахминан 8 метр масофадан дарвозани ишғол қилди - 3:1.

Эндиликда «Барселона» кейинги босқичга чиқиш учун қолган ярим соат ичида 3та гол уриши талаб қилинарди. Агар Кавани 64-дақиқада навбатдаги имкониятидан фойдалана олганида ўйин тақдири бутунлай ҳал бўларди. Аммо ҳужумчи бирга-бир вазиятга чиқиб, Тер Штегенни доғда қолдира олмади. Дарвозабон оёғи билан тўпни қайтарди.

«Барселона»нинг ҳужумлари аввалгидек хавфли тус олмаётганди, мухлислар ҳам қизғин қўллаб-қувватламай қўйишди. Учрашувнинг 74-дақиқасида Мессида яхши имконият юзага келди. У бир ҳимоячини алдаб, жарима майдончасига кирди ва чап оёқда зарба берди, аммо тўп олис устун ёнидан ўтиб кетди.

Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Анхель ди Мария ўта қулай имкониятдан фойдалана олмади. У «Барселона» посбони билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди ва дарвоза томон аниқ зарба бера олмади. Тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Бу вазиятда рақиб ҳимоячиси Маскерано унга ортдан ташланган, лекин ҳакам фол қайд этмаганди.

Ўйин якунланиб бораётган пайтда Неймар катта саҳнага чиқди. У рақиб дарвозаси томон белгиланган жарима зарбасидан тўпни тўққизликга михлаб қўйди ва «Барселона»ни ўйинга қайтарди.

Орадан 2 дақиқа ўтиб Мессининг узатмасидан кейин Луис Суарес бирга бир вазиятга чиқаётганида бор маҳоратини ишлатиб йиқилди. Белгиланган пенальтини Неймар самарали амалга оширди ва ўз ваъдасининг устидан чиқиб, «ПСЖ» дарвозасига 2та гол урди.

Ҳакам иккинчи бўлимга 5 дақиқа қўшиб берди. Бу пайтда Марк-Андре тер Штеген ҳам ҳужумга ўтиб кетди. Айнан у ишлаган фолдан кейин, ўйинга қўшиб берилган охирг дақиқа тугашига 20 сония қолганида Неймар жарима майдончасига узатма берди ва Сержи Роберто яқин масофадан тўпни дарвозага буриб қўйди - 6:1!

Луис Энрике ва жамоа турнирни давом эттиради.

Натижада «Барселона» ЕЧЛ плей-оффи тарихида ҳали ҳеч бир жамоа уддалай олмаган ишни амалга оширди. Ҳали ҳеч бир жамоа 0:4 ҳисобидаги фарқни бутунлай йўққа чиқариб кейинги босқичга чиқа олмаганди

ЕЧЛ, 1/8 финал

Барселона (Испания) – ПСЖ (Франция) 6:1 (2:0)

Голлар: Суарес (3), Курзава (40, автогол), Месси (50, пенальти), Неймар (88, 90+1, пенальти),  Серхи Роберто (90+5) – Кавани (62).
Барселона: тер Штеген, Маскерано, Пике, Умтити, Бускетс, Рафинья (Серхи Роберто, 76), Неймар, Ракитич (Андре Гомеш, 84), Иньеста (Туран, 65), Месси, Суарес.
ПСЖ: Трапп, Менье (Крыховяк, 90), Маркиньос, Тиаго Силва, Курзава, Лукас Моура (Ди Мария, 55), Верратти, Рабьо, Матюиди, Дракслер (Орье, 75), Кавани.
Огоҳлантиришлар: Матюиди (5), Дракслер (14), Пике (23), Бускетс (36), Кавани (42), Ракитич (61), Неймар (64), Суарес (67), Маркиньос (90), Верратти (90).

Мавзуга оид