Иқтисодиёт | 18:21 / 14.03.2017
14404
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт вазирлиги: Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 122 турдаги маҳсулот ўзлаштиришга таклиф этилган

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 26 декабрдаги ПҚ-2698-сонли «2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан маҳаллийлаштириш дастури тасдиқланган.

Ушбу дастур доирасида 2017-2019 йиллар давомида 3,4 млрд долларлик 1146та маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали талаб юқори бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

2017 йилда 960та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 6,5 трлн сўмга тенг маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарилиш белгиланган.

Шу билан бирга, 122 турдаги ўзлаштиришга таклиф этилган маҳсулотлар рўйхати аниқланган.

Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тармоқ корхоналарининг имкониятларини батафсил ўрганиш натижасида, 2017 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни ташкил қилишга йўналтириш ҳисобига 1,1 млрд доллардан ортиқроққа ёки импортни 23 фоизга камайтириш имконияти аниқланди.

Маҳаллий хомашё ва ресурслардан янада оқилона фойдаланиш ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритиш бўйича ягона мезон ва талаблари белгиланган:

- дастурига кириш учун талаб этиладиган минимал маҳаллийлаштириш даражаси дастурга кирган йилдан бошлаб биринчи йилга 36 фоиз, икинчи йилга 45 фоиз, учинчи йилга 50 фоиздан (машинасозлик ва металлни қайта ишлаш тармоғи маҳсулотларига мос равишда 36 фоиз, 40 фоиз, 50 фоиз) кам бўлмаган миқдорни таъминлаш;
- маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар соф тушумидан экспорт улуши иккинчи йили 20 фоиз, учинчи йили 30 фоиз бажариш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги расмий сайтидаги «Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантиришни автоматлаштириш тизими» дастурий комплексидан фойдаланган ҳолда Маҳаллийлаштириш дастурига электрон тарзда таклиф этилган лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқишни амалга ошириш жорий этилган.

Мавзуга оид