Саудиялик машҳур ишбилармон "дўсти" томонидан бўғиб ўлдирилди
Ўтган ҳафтада саудиялик машҳур ишбилармон, валюта айирбошлаш компаниясининг эгаси Аҳмад Саид Ал-Амудий дўстига қоп-қоп пулларни кўрсатганидан кейин бўғиб ўлдирилди. Gulf News'да шу ҳақида хабар берилди.
Қотил-дўст, сўнгги 16 йил давомида қиролликда яшаб келган Яман фуқароси марҳум ишбилармон билан беш йилдан бери дўстлашиб келган.
Манбага кўра, 57 ёшли ишбилармон Ал-Амудий 53 ёшли яманлик дўстига тўлиқ ишонган.
Марҳумнинг акаси полицияга қўнғироқ қилиб, укасининг йўқолгани ҳақида хабар берганидан сўнг тергов ишлари бошланган.
Марҳум ишбилармон қўшнисининг кузатув камералари Ал-Амудийнинг жума куни Қизил денгиздаги вилласини тарк этиб, кечроқ бошқа бир киши билан қайтганини қайд этган.
Камерада оқ рангдаги анъанавий кийимдаги эркакнинг бир неча соатдан кейин виллани тарк этгани акс этган. Унинг қўлида катта сумка бўлган ва у бу ерни таксида тарк этган.
Кейинроқ қотил ўз қилмишига иқрор бўлиб, пулларни ўз уйига яширганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, жума куни эрталаб ишбилармон дўсти қўнғироқ қилган ва кўришишни сўраган. Улар Радҳа даҳасидаги масжид олдида кўришишган ва Ал-Амудийнинг уйига келишган.
Ишбилармон катта миқдордаги Британия фунтлари, Саудия риаллари ва евролар жойланган бир неча қопни олиб келган ва қотил "дўсти"дан уларни чамадонларга бўшатишга ёрдам беришни сўраган. Бу пуллар улар кейинчалик учрашиши режалаштирилган кишиларга топширилиши керак бўлган.
Бироқ 15 миллионча Саудия риалидан иборат нақд пулларни кўрган яманлик "дўст"нинг нияти бузилган. У Ал-Амудийнинг қўллари ва оёқларини боғлаб, бўғиб ўлдиради, жасадни катта сумкага жойлайди.
Шундан сўнг қотил такси чақириб, уни вилладан олиб чиқиб кетади. Тергов қотилнинг ҳамтовоқлари бўлган ёки йўқлигини аниқлашга доир ишларини давом эттирмоқда.
Ал-Амудий 14 март, сешанба куни дафн қилинди. Манбага кўра, дафн маросимига жуда катта оломон тўпланган.
Мавзуга оид
19:01
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ва Озарбойжонга боради
18:12 / 09.11.2024