Иқтисодиёт | 10:44 / 16.03.2017
13310
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Саудия Арабистони қиймати 65 миллиард долларлик келишувларни имзолади

Хитой ва Саудия Арабистони пайшанба куни қиймати 65 миллиард доллар бўлган 14та келишувни имзолади, деб маълум қилди Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Чжан Мин журналистларга.

Пекиндаги халқ мажлислари Уйида пайшанба куни ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд билан учрашуви бўлиб ўтди. Жума куни қирол Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян ҳамда Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси раиси Чжан Дэцзян билан ҳам учрашади.

"ХХР раиси Си Цзиньпин бугун Саудия Арабистон қироли билан учрашди. Ҳар икки етакчи учрашувдан кўнгиллари тўлганини билдиришди. Томонлар умумий ҳисобда 14та келишувни имзолашди. Улар қиймати тахминан 65 миллиард АҚШ доллари бўлган 35та йирик лойиҳага тегишли", - деди Чжан Мин. Унинг таъкидлашича, келишувлар сармоялар, илмий-техникавий соҳа, инфратузилма, энергетика, фазо ва бошқа соҳаларга оид.

Хитой ТИВ раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, томонлар муҳим халқаро ва глобал масалалар бўйича ўзаро фикр алмашганлар. Чжан Миннинг билдиришича, шунингдек терроризм билан кураш бўйича масалаларда аниқ позицияни қайд этишган.

"Саудия Арабистон қироли ХХР раисига “Ягона камар-ягона йўл” стретегияси бўйича юқори баҳо берди ва ҳурматини изҳор этди ҳамда Саудия Арабистони унда фаол иштирок этишини айтди", - дея қўшимча қилиб ўтди Чжан Мин.

Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг айтишича, икки етакчи учрашув давомида Фаластин-Исроил можароси, Яман ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилишган.

Мавзуга оид