Иқтисодиёт | 19:01 / 16.03.2017
8570
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги дори воситалари бир қатор хориж давлатларига экспорт қилинмоқда

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан "Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир" мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори-дармонлар сифатининг талабга жавоб бериши қай даражада эканлиги билан қизиқишди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг сўзларига кўра, республикамиздаги 147 та ишлаб чиқариш корхоналарида сифат назорати йўлга қўйилган. Ҳар бир дори воситаси ёки тиббиёт буюми мавжуд 8 та мустақил сертификатлаш ташкилоти томонидан сертификатланиши таъкидланди. 

Шунингдек маҳаллий дори-дармонларнинг юқори сифати уларни бир қатор хорижий мамлакатлар - АҚШ, Франция, Германия, МДҲ ва қўшни мамлакатларга экспорт қилиш имконини бераётганига эътибор қаратилди. 

Фото: Kun.uz

Шунингдек, шифохоналар биноси олдида дорихоналарнинг бўлиши ёмон кўрсаткич эканлиги, бу шифохонада зарур дори воситаларининг етишмаслигини тан олишликдан далолат бериши ҳақида фикр билдирилди. Шифохона ёнида дорихона бўлгандан кўра тиббиёт муассасасининг ўзида бу дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг бўлиши мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди. 

Дорихоналарда электрон хизматларнинг йўлга қўйилиши борасидаги саволга, вазирлик вакили қонунга кўра, дори воситаларининг Интернет орқали сотилиши мумкин эмаслигини қайд этди. Умуман дориларнинг шифокор рецептисиз берилишига салбий муносабат билдирилди, зеро ҳар бир дори шифокор белгилаган дозада ва тартибда қўлланиши керак. Шу ўринда ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасига тўхталиб ўтилди - хорижда дори воситалари дорихоналардан қўйиб юборилишидан аввал маълумотлар базасидан ҳақиқатда шифокор айнан шу дориларни кўрсатилган дозада белгилаганми ёки йўқ - кўздан кечиради. Келгусида бизнинг юртимизда ҳам шундай тизимлар йўлга қўйилишига умид билдирилди. 

Шунингдек республикамизда кўчма дорихоналар ташкил этилаётгани, уларнинг ҳар бири кондиционер, музлатгич каби зарур техник қурилмалар билан таъминлангани қайд этилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда янги, дунёда ўхшаши йўқ оригинал дори воситалари яратилаётгани таъкидланди. 

Мавзуга оид