Ўзбекистон | 14:24 / 17.03.2017
134459
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири вафот этди

Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири Иномжон Бузрукович Усмонхўжаев 17 мартга ўтар кечаси, 87 ёшида вафот этди.

Иномжон Усмонхўжаев Шароф Рашидовдан кейин 1983-1988 йилларда Республикага раҳбарлик қилган. У шу вақтгача тирик бўлган Ўзбекистоннинг икки собиқ раҳбаридан бири эди. (1988-1989 йилларда Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби бўлган Рафиқ Нишонов 1989 йилдан буён Москвада умргузаронлик қилмоқда - таҳр).

Иномжон Усмонхўжаев 1930 йилнинг 20 май куни Фарғонада таваллуд топган.

1955 йилда Ўрта Осиё политехника институти тамомлаган.

Муҳандис, Марғилон шаҳри бош меъмори бўлиб ишлаган.

1962 йилдан партия ишига ўтган, Фарғона шаҳар кенгаши раиси, Ўзбекистон КП Сирдарё вилоят қўмитаси котиби, Собиқ Иттифоқ МҚ ходими бўлиб ишлаган.

1972-1974 йилларда – Наманган вилояти ижроия қўмитаси раиси бўлган.

1974 йилнинг декабридан 1978 йилнинг декабрига қадар – Ўзбекистон КП Андижон вилояти қўмитаси биринчи котиби.

1978 йилнинг 22 декабридан 1983 йилнинг 20 декабрига қадар – Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиум Раиси, шу билан бир вақтда – 1979 йилнинг 18 апрелидан 1983 йилнинг 28 декабрига қадар – Собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиуми Раиси ўринбосари бўлган.

1983 йилнинг 3 ноябридан 1988 йилнинг 12 январига қадар – Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби.

Кейинчалик “қайта қуриш” даврида коррупцияда айбланиб, Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби лавозимидан озод этилган, Собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиуми аъзолигидан четлаштирилган. 1988 йилнинг 28 ноябрида Собиқ Иттифоқ Коммунистик Партияси МҚдан ҳам чиқарилган.

1989 йилнинг 27 декабрь куни «Пахта иши» бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. 1990 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан озодликка чиққан.

Сўнгги вақтларда И.Б.Усмонхўжаев Фарғона шаҳрида ўғиллари ва набиралари билан биргаликда яшаётган эди.

Усмонхўжаев ҳақида фильмлар олинган, китоблар ёзилган. Хусусан, Рафиқ Нишоновнинг «Дарахтлар тонггача кўкаради» номли, 2012 йилда эълон қилинган асарида ҳам унга алоҳида боб ажратилган. Шунингдек, «Отамдан қолган далалар» ва «Генераллар ўйини» романларида Усмонхўжаев билан боғлиқ сюжетлар бор.

«Кун.uz» таҳририяти марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид