Фан-техника | 20:32 / 21.03.2017
8729
2 дақиқада ўқилади

Apple видеони қайта ишловчи янги иловасини тақдим этди

Apple ижтимоий тармоқларга жойлашдан аввал видеороликларга эффект қўшувчи Clips иловасини намойиш этди. Бу ҳақида The Verge хабар берди. 

Фойдаланувчи Clips ёрдамида видеога матн, эмодзи, фильтралар ва бошқа эффектларни қўшиши мумкин. Илова 30 дақиқагача бўлган роликлардан фойдаланиш имконини беради, якуний видеонинг умумий хронометражи 60 дақиқагача етиши мумкин. Сервис iPhone ёки iPad'нинг асосий камерасидан мустақил равишда ишлайди - у орқали янги роликлар яратиш билан бирга фойдаланувчининг галереясидаги видеони қайта ишлаш имкони ҳам мавжуд бўлади. 

Live Titles функцияси роликка анимациялаштирилган субтитрлар қўшишга имкон беради. Компания вакилларининг сўзларига кўра, опция 36 тилни қўллаб-қувватлайди. 

The Verge мухбири сервисни синовдан ўтказиб, Live Titles функциясини Clips'нинг энг қизиқ имкони деб атади. Бироқ шу билан бирга уни ўйлантириб қўйган бир неча камчиликларни ҳам санаб ўтди. Хусусан, у субтитрларни ўчириш, фақат матнни қолдириб, овозни пасайтиришнинг уддасидан чиқа олмаган. Шунингдек The Verge янги иловада Snapchat ва Instagram'даги каби қўлда терилган матнни қўшиш имконининг йўқлигига ишора қилди.

Таҳрирланган ролик смартфонда сақланганидан кейин фойдаланувчи уларни ижтимоий тармоқларга (Facebook, Instagram, Twitter ва ҳ.к.) жойлаши мумкин бўлади. Шу билан бирга бу видеони телефон рўйхатидаги кишилардан бирига йўллаш мумкин.

"Clips видеороликлардаги кишиларнинг юзидан уларни таний олади ва контакт рўйхатидан уларнинг исмини таклиф қилади", - дейилади иловада. 

Бундан ташқари, фойдаланувчи роликка iTunes'дан мусиқа қўшиши мумкин бўлади.

Clips иловаси 2017 йилнинг апрелидан ишга тушади ва у бепул хизмат кўрсатади. 

Мавзуга оид