Наманганнинг бир қатор ҳудудларида Damas автомобили ҳаракатланиши тақиқланди
Наманган вилояти маркази Наманган шаҳрининг айрим қисмларида Damas русумли транспорт воситалари ҳаракатланиши 25 март кунидан бошлаб ҳар куни соат 7:00дан соат 20:00гача бўлган оралиқда тақиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Х.Бозоровнинг 16 март куни имзоланган фармойишида келтирилган.
"Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлимининг Наманган шаҳридаги "Чорсу", "Сардоба" бозорлари, "Темир йўл вокзали" ҳудудларида, А.Навоий, Б.Машраб, А.Темур кўчаларида транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликни бартараф этиш, йўл транспорт ҳодисалари олдини олиш, йўл қопламалари ва транспорт тўхташ жойларини таъмирлаш ишларини якунлаш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъи назар, жорий йилнинг 25 мартидан бошлаб, ҳар куни эрталаб соат 7:00дан соат 20:00га қадар "Темир йўл вокзалидан А.Навоий кўчаси орқали Чорсу бозоригача" ҳамда "Темир йўл вокзалидан А.Темур ва Б. Машраб кўчалари орқали Чорсу бозоригача" махсус автотранспорт воситаларидан (101, 102, 103, 104 ва 105) ташқари, "Дамас" русумли автотранспорт воситалари ҳаракатланишини тўхтатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин", дейилган фармойишда.
Фармойишда 25 март кунидан бошлаб Наманган шаҳрининг А.Навоий, А.Темур ва Б.Машраб кўчаларида мунтазам равишда қўшма рейдлар ўтказилишини ташкил этиш ҳамда йўловчи ташиш фаолияти билан қонунга хилоф тарзда шуғулланаётган транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан тегишли тартибда чоралар кўриш белгиланган.
Шунингдек, Damas ҳаракатланиши тўхтатилиши таъсирининг амал қилиш вақтини кўрсатувчи қўшимча ахборот йўл белгиларини ўрнатиш вазифа қилинган.
Наманган шаҳар ҳокимлиги, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бўлими, вилоят Давлат солиқ бошқармасига 2017 йилнинг 1 октябрига қадар Наманган шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўл кира ҳақи учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизимининг жорий этилишини таъминлаш вазифалари топширилди.
Февраль ойида Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида Damas ва бошқа микроавтобуслар ҳаракати қисман тақиқланганди.
Ундан аввалроқ Андижон шаҳрида ҳам Damas’лар фаолияти тақиқлангани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ вилоят ҳокимлиги бу маълумотларни рад этиб чиққан эди.
Мавзуга оид
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024
Наманганда поезд билан тўқнашган Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
17:35 / 11.11.2024