Спорт | 21:49 / 23.03.2017
17324
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян: Охиригача курашамиз, ҳали имконият бор

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичида Сурияга қарши кечган ва 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган 6-тур учрашувидан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди ва гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш учун ҳали имконият борлигини таъкидлади.

«Бугун футбол кўрмадик, боиси майдон ҳолати унчалик яхши эмас эди. Бугунги шароитларни ҳисобга олиб, яхшироқ ўйин намойиш этиш ва характер кўрсатишимиз талаб этилган эди. Бугунги мағлубиятдан афсусдамиз, аммо Ўзбекистон терма жамоаси ҳамон учинчи ўринда ва имкониятларини йўқотмаган. Биз олдинга ҳаракат қиламиз ва кейинги ўйинларда ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, кейинги ўйинларда оптимал таркибда майдонга тушамиз ва албатта, ғалаба қозонамиз. Футболчиларга ўйин учун миннатдорчилик билдирдим. Улар қаттиқ меҳнат қилишди ва бор кучлари билан ўйнашди. Уларга эътирозим йўқ», дея мураббийнинг сўзларини келтирган ЎФФ расмий сайти. 

«Гуруҳдаги терма жамоаларда олдинга ҳаракат қилишлари учун яхши имконият бор. Ўйлайманки, барча кураш ҳали олдинда ва барча жамоаларда яхши имконият бор. Кейинги ўйинда Қатарга қарши ўйнаймиз. Ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрамиз ва умид қиламанки, Қатарни юта оламиз», - дея фикрини якунлади Самвел Бабаян.

Мавзуга оид