Жамият | 19:10 / 23.03.2017
46540
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида “Синий кит” ва “Богатая узбечка” ўйинлари оммалашмоқда

Сўнгги вақтларда ўз жонига қасд қилишга ундовчи турли хил ўйинлар пайдо бўлгани сабаб, Тошкент шаҳридаги мактаблар, лицей ва коллежларда бунга қарши профилактик тадбирлар олиб борилди. Бунинг натижасида шу кунга қадар – 31та мактаб ўқувчилари ва 5та коллеж талабалари орасидан мазкур ўйинга кирганлар аниқланган. Улар бошланғич босқичида ўйиндан чиқиб кетишига эришилган. Мазкур ўйин натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати аниқланмаган. 

Бироқ, шунга қарамасдан, Тошкент шаҳрида “Синий кит” ва  “Богатая узбечка” ўйинлари оммалашиб бораётгани аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББда ташкил этилган брифингда маълум қилинган. Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида мазкур ўйинларни тарқалишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, халқ таълими бош бошқармаси, ўрта махсус касб-ҳунар бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда 

- таълим муассасаларида ота-оналар иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда;
- тайёрланган видео-ролик намойиш этиб келинмоқда;
- хавфли гуруҳ аниқланиб, уларга индивидуал тарзда мураббий ва психологлар бириктирилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. 

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ИИББ ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзандларини мазкур ўйинлардан ва бошқа салбий иллатлардан сақлаб қолиши учун, аввало

- шахсий назоратни кучайтириш,
-  фарзанди ким билан мулоқотда бўлаётганини аниқлаш,
- қимматбаҳо телефон аппаратларини олиб бермаслик,
- доимий равишда таълим муассасалари маъмуриятлари билан алоқада бўлиш,
- оиладаги муҳитни яхшилаш, 
- фарзандларига эътиборни янада кучайтаришни тавсия қилади. 

Шу ўринда, эслатиб ўтиш жоизки, таълим муассасаларида уяли алоқалардан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида 2012 йил 21 майида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 
139-сонли қарори ҳамда 2015 йил 5 февралида Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 85-сонли қарорлари қабул қилинган.

Мавзуга оид