Ўзбекистон | 18:22 / 23.03.2017
19093
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги камералар сабаб қоидабузарликлар 4 баробарга камайди

15 мартдан Тошкент шаҳри чорраҳаларида кузатув камералари ишга туширилгани ҳақида аввал хабар қилинган эди. Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган профилактика куни муносабати билан ўтказилган матбуот брифингида 16 мартдан 23 мартгача бўлган маълумотлар тақдим этилди. Унга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг 115та чорраҳасида 883та кузатув камералари туну-кун ишлаб келмоқда.

Камералар ҳафта давомида ҳайдовчилар томонидан жами 29 мингдан зиёд қоидабузарликлар содир этганини қайд этиб, шундан 16 мингдан ортиғи светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, 13 мингдан ортиғи тезликни белгиланган меъёрдан оширганлик каби ҳуқуқбузарликларни ташкил этган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, мазкур камераларнинг ишга туширилиши натижасида, ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига тобора кўпроқ риоя этмоқда. Буни статистика маълумотлари ҳам исботлайди. Агар 15 март куни, яъни бир сутка давомида 8 мингдан зиёд қоидабузарлик қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 22 март куни 2 мингтани ташкил этган. Бу эса дастлабки ҳолат 4 баробар ёки 6 мингтага камайганини кўрсатади. 

Шунингдек, йўл-транспорт ҳамда одам ўлими билан боғлиқ ҳодисаларининг икки баробарга камайишига эришилди. Мисол учун, 10 мартдан 16 март кунига қадар 27 та йўл-транспорт ҳодисаси, шундан 3тасида одам ўлими билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган бўлса, 17 мартдан 23 март кунига қадар 14та йўл транспорт ҳодисаси, шундан биттасида одам ўлими билан боғлиқ ҳодиса рўйхатга олинган. 

Мавзуга оид