Ўзбекистон | 16:10 / 24.03.2017
11164
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказмоқчи

Ўзбекистон ва Хитой 2020 йилгача икки томонлама савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тошкентда бошланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг бешинчи йиғилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев томонидан маълум қилинган.

У ўтган йилда ўзаро савдо ҳажми қисқарганини қайд этиб ўтган. Вазирнинг ишонч билдиришича, икки давлат келгусида маҳсулот айирбошлаш ҳажмини ошириш салоҳиятига эга ва яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларгача етказиш мумкин бўлади. Ғаниевнинг ҳисоблашича, томонлар бунинг учун тегишли чора-тадбирларни кўриши керак бўлади.

Музокаралар давомида томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион, молиявий-техник ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш муҳимлигини қайд этишди.

Хитой делегацияси раҳбари ўз нутқида иқтисодиётнинг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг улкан салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади ва Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Йиғилиш якунларига кўра томонлар келгусида ишлаб чиқиш учун мўлжалланган қатор амалий лойиҳа ва таклифларни кўриб чиқишни режалаштиришди. Темир йўл транспорти, энергетика, нефть-газ соҳаси ва Ўзбекистонда инфратузилмавий объектларни қуришга Хитой компанияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумот учун, Хитой Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. 2016 йил якунларига кўра мамлакатлар ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 704 корхона фаолият юритмоқда. Шундан 88таси тўлиқ равишда хориж капитали асосида. Бундан ташқари, республикада Хитойнинг 73та компанияси ваколатхоналари фаолият кўрсатади.

Мавзуга оид