Ўзбекистон | 12:31 / 29.03.2017
13111
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия Меҳнат вазирлари музокаралар ўтказди

Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Москвада Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин билан учрашиб, музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Россия Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда

Томонлар учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида мониторинг тартибига доир ҳужжатни имзолашди. У 1994 йил 9 сентябрда икки мамлакат ўртасидаг битимга мувофиқ, меҳнат мажбуриятларини бажараётган вақтда етказилган талофат, соғлиққа доир зарарларни ўзаро тан олишни кўзда тутади. 

Мониторинг Ўзбекистон ва Россия ҳудудида доимий равишда истиқомат қилиб, Келишувнинг 2- ва 3-моддаларига мувофиқ суғурта таъминотига эга кишиларга нисбатан қўлланилади. 

Максим Топилиннинг айтишича, мониторинг меҳнат фаолиятини олиб бораётган вақтда жабрланганларга ўз вақтида товон пулларини тўлаш имконини беради. 

Бундан ташқари, вазирлар Ўзбекистон ва РФ ўртасида ўзбекистонликларни Россияда меҳнат фаолиятига ташкиллаштирилган ҳолда амалга ошириш масаласини ҳам муҳокама қилишган. 

Ҳужжат меҳнат муносабатлари ва ижтимоий суғурта масалаларини мувофиқлаштиради. Томонлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишган. 

Мавзуга оид