Графика: Қандай қилиб АҚШнинг давлат қарзи 20 триллион долларга етди?
Урушлар, солиқларнинг кенг миқёсда қисқартирилиши ва иқтисодиётни стимуллаштириш (рағбатлантириш) дастурлари АҚШ миллий қарзининг ниҳоятда ошиб кетишига олиб келган.
АҚШ давлат қарзи 20 триллион долларга яқинлашмоқда — ўтган ҳафтада у 19,8 триллионни ташкил этаётган эди. Тарих кўрсатиб турибдики, миллий харажатларнинг ўсишида Американинг ҳар икки партияси айбдор. Кўп йиллардан буён вазият урушлар, солиқларнинг қисқартирилиши ва рағбатлантириш дастурлари воситасида янада кескинлаштирилиб келинган.
Бу Америка тарихининг давлат ташқи қарзига сезиларли таъсир ўтказган асосий воқеалари ва унинг яқин келажакдаги эҳтимолли динамикаси.
1981 йилнинг августида мамлакатда иқтисодий таназзул рўй беришининг аввалида президент Рейган солиқларни кескин қисқартириш ҳақида қонунни имзолайди. Рейган тарафдорлари бу қонун иқтисодиёт ва фонд бозорини қўллаб-қувватлаганини айтади, бироқ бунинг ўзига яраша минуслари ҳам бор эди: бюджетга пул тушуми камайиб кетгнан эди. АҚШ молия вазирлиги тадқиқоти шуни кўрсатадики, ушбу қонун қабул қилинганидан сўнг ўтган дастлабки тўрт йилда замонавий курс бўйича федерал бюджетга тушумлар йилига 118 миллиард долларга қисқарган.
2001 ва 2003 йилларда кичик Жорж Буш ҳам солиқ ислоҳоти ҳақидаги қонунларни имзолайди. Жисмоний шахсларнинг даромадлари, капиталнинг ўсиши ва дивидентларга солиқ ставкалари камайтирилади. Жадвал ҳар бир қонуннинг бюджетга тушумларнинг қисқаришидаги ролини кўрсатиб турибди. 2010 йилда Барак Обама солиқларни айириб ташлаш ҳақиқдаги қонуннинг амал қилиш муддатини яна икки йилга узайтиради, бироқ 2012 йилда уларнинг аксариятини доимий қилиб қўяди. Бюджетга доир ва сиёсий устуворликлар маркази маслаҳатчисининг фикрига кўра, Буш томонидан қабул қилинган қонунлар туфайли 2017-молия йилида фоизлари билан ҳисобланганда давлат хазинаси 5 триллион доллардан қуруқ қолган.
11 сентябрь терактларидан сўнг урушни бошлаган АҚШ Афғонистон ва Ироқдаги жангларда катта пул сарфлаган. Кэти Раффингнинг сўзларига кўра, урушлар бюдетга фоизлари билан ҳисобланганда 2 триллион долларга тушган.
Буюк рецессия 2007 йилнинг декабрида бошланган ва бир ярим йилга чўзилган. Бунга АҚШ кўчмас мулк бозорининг касодга учраши сабаб бўлган. Таназзул Буш ва Обама президентлик даврини чулғаб олиб, бюджет камомадининг жиддий ошишига сабаб бўлган — иқтисодиётда пайдо бўлаётган муаммоларга ҳукумат банкларни қутқариб қолиш ва иқтисодиётни рағбатлантириш дастури билан жавоб берган. 2009 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда бюджет камомади 1 триллион доллардан ошган.
2009 йилнинг февралида, ҳали мамлакат Буюк рецессия исканжасидан қута олмай турган бир пайтда, Барак Обама иқтисодиётни қайта тиклаш ва қайта инвестициялаш ҳақидаги қонунни имзолайди. Солиқларни қисқартиришга қўшимча тарзда, юзлаб миллиард доллар маблағни ишсизларни қўллаб-қувватлаш ва инфраструктура лойиҳаларига йўналтириш мўлжалланган. Обама ўшанда бу қонун "иқтисодиётни соғломлаштириш йўлидаги муҳим қадам" бўлишини таъкидлаганди, бироқ республикачилар уни давлат маблағларини беҳудага совуриш, деб баҳолашган эди.
Аввалига 787 миллиард доллар сарфлаш кўзда тутилган эди, бироқ 2015 йилда Конгресснинг бюджет бошқармаси харажатларни 836 миллиард дея баҳолаган. Федерал бюджет шакллантирилиши масъул қўмитанинг ҳисоб-китобларига кўра, фоизлари билан ҳисобланганда Америка ғазнаси ҳаммаси бўлиб 1 триллион доллардан қуруқ қолган.
Тахминларга кўра, камомад оша боради, чунки АҚШ қариётган аҳоли учун дастурларга борган сари кўпроқ пул сарфламоқда. Конгресснинг бюджет бошқармаси маълумотига кўра, амалдаги қонунлар сақланиб қолинадиган бўлса — президент Дональд Трамп ҳамда республикачилар қўлидаги Конгресс қўл қовуштириб ўтирса — 2047 йилга бориб давлат ташқи қарзи ҳозирги вақтдаги даражадан — ЯИМнинг 77 фоизидан 150 фоизигача кўтарилади.
Трамп ҳам камомадни оширишга хизмат қиладиган, йирик солиқ айирмалари ва мудофаа харажатларини ошириш каби бир қанча дастурларни эълон қилмоқда. Бундан ташқари, у соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя дастурларини ўзгаришсиз қолдиришга ваъда берган. Солиқ сиёсати марказининг ҳисоб-китобларига кўра Трамп томонидан тавсия этилган солиқ сиёсати сўнгги 10 йил ичида давлат ташқи қарзининг 7,2 триллион долларга кўпайишига олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
15:52 / 16.11.2024