Жамият | 22:03 / 13.04.2017
53274
5 дақиқада ўқилади

Андижонлик коллеж битирувчисидан 10 ихтиро

Ихтиро нима ўзи, деган саволга оддийроқ жавоб излаймиз. Менимча, инсонлар оғирини енгил қилувчи, уларга қулайлик яратувчи оддий янгиликни ҳам ихтиро, деб аташ мумкиндир. Фан оламининг кимё, физика, алгебра, тиббиёт ва ҳоказо соҳаларида кўплаб залворли янгиликлар ихтиро қилинади. Мақола қаҳрамони эса оддийгина қишлоқнинг бўз йигити бўлганлиги учун уни ихтирочи деб аташ бироз муболаға бўлар. Нима бўлганда ҳам унинг ҳаракатлари самараси ўлароқ юзага келган кашфиётлар кимларгадир ёрдам бериши тайин.

Андижоннинг Қўрғонтепа тумани қурилиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Дилшодбек Шуҳратовнинг кўзи ожиз кишилар учун ясаган сенсорли ҳасса ускунаси билан танишиш учун бориб, унинг яна қанча янги ғоялар яратиш орзусида эканлигини билдим.

Унга: “Ҳўш, ҳассангиз нима каромат кўрсатади?” дея савол бераман. “Ускунамдаги сенсорли қурилма, кўзи ожиз кишилар бирор тўсиқ ёки чуқур ёнига бир ярим метр яқинлашганида овозли сигнал ва тебраниш (вибрация) билан огоҳлантириш беради”, - дейди Дилшодбек. У ҳассани қўлга олиб унинг афзаллигини намойиш  қилади. Дарҳақиқат, ускуна деворга икки метр масофа қолганида сигналли товуш чиқара бошлади. Унинг ўз маҳалласидаги имконияти чекланган қўшнисига атаб йиққан ҳассасини - оддий қўл остимиздаги буюмлардан ясагани эса ҳайрон қоларли... Парда илинадиган карниз, велосипед нур қайтаргичи, автомобилларнинг орқага юрганда сигнал берувчи иккита сенсор қурилмаси ва ўзи терган микросхема ва ускуна тайёр!

Йигит жуда камтар экан. Туман “Камолот” ЁИҲ сардори Назарбек Мирзақобуловнинг: “Бошқа ясаган нарсаларингни кўрсатгин”, деган гапидан сўнг Дилшод сумкасидан яна бир нечта лойиҳаларини олди. Мени қизиқтиргани - оддий мис пластинкалардан пиёдалар ўтиш йўлакчасида пиёдаларни қадамидан ишқаланиш реакцияси орқали заряд олиб ёниб турувчи светофор бўлди. “Мис пластинкаларни овоз чиқарувчи колонкаларни ичидан чиқариб олиб, икки томонлама жойлаштиргач, сим билан кавшарлаб энергия йиғувчи манбага уладим. Битта одамнинг қадамидан 2 вольт ток йиғяпти”, дейди Дилшодбек. Мис пластинкалар автомобиллар уни босиб ўтганида ҳам энергия йиғар экан. Ана сизга - электр тармоғига уланмай ишлайдиган светафор.

Йигитнинг ғоялари кўп экан. Пиёдалар йўлакчасига ўзидан энергия олувчи, ерга ўрнатиладиган уч рангли светафор (бу нарса айниқса, қўлидаги смартфонидан кўз узмай атрофга қарашни унутадиган ёшлар учун қулайлик), қуёш энергиясида ишловчи вентилятор, биз “баклажка” деб атовчи пластик идишларни қайта ишлаб, уй супургиси чиқарадиган дастгоҳ, уйдаги электр жиҳозларини масофадан ўчирувчи пульт...

Менга ёққани кичик яъни мини - иссиқлиқдан энергия олувчи мослама ғояси бўлди. “Агар амалга ошиб қолса, хонадонида иссиқхонаси бор кишилар учун зўр қулайлик бўларди”, дейди йигит. Ҳам иссиқхонада етарли ҳарорат бўлади, ҳам уйида электр энергия.

Йигитнинг самимий ғояларини илм эгалари қандай баҳолайди, бу менга қоронғи. Чунки ихтирочи томонидан кашф қилинадиган ускуналарни лабораторияда чуқур ўрганиб чиқиб, сўнг синовдан ўтказиш кераклиги аниқ.

Лекин оддийгина коллеж битирувчисини чиқиндидан уй жиҳозлари ишлаб чиқарувчи дастгоҳга уринаётгани, чизмалар чизиб ўз устида ишлаётгани, асосийси – янгилик яратишга интилаётгани муҳим.

Дилшодбек ўтган йили “Камолот” ЁИҲ “Менинг бизнес ғоям” Республика танловида   ўзининг  кўзи ожизлар учун ясаган масофали ҳассаcи билан қатнашиб, биринчи ўринни олган экан. Ҳа, айтгандай, ихтирочи ўзи ясаган ҳасса учун ҳали патент олмабди. 

“Эртага, туманимизда ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда “Яшил чироқ” танлови бўлиб ўтади. Унда Дилшодбек, пиёдалар ўтиш жойидаги мис пластинкалардан олинадиган энергияга ишловчи светафорни кичик макетини намойиш қилади”, - дейди туман “Камолот”чилари сардори Назарбек. “Камолот” ҳаракати ва туман ЙҲХБ ходимлари йигитимизга ускунага лозим бўлган жиҳозларни харид қилишда яқиндан ёрдам беришяпти.

Хитойга бориб, ўқиб, ёруғлик энергиясидан фойдаланиш бўйича тажриба тўплашни орзу қилаётган ёш йигитчага ҳавасим келди. Чунки унинг эзгу ғоялари ва келажакдан катта умиди бор.   

 Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов.
 Андижон – Қўрғонтепа

Мавзуга оид