Ўзбекистон | 16:17 / 14.04.2017
22740
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов: «Давлатнинг имижини пулга сотиб олиб бўлмайди»

14 апрель куни Халқаро пресс-клубнинг «Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичдаги долзарб масалалари» мавзусида сессияси бўлиб ўтди. Унда Абдулазиз Комилов ҳамда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Анжуманда журналистлардан бири ТИВ раҳбаридан Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш бўйича қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўраган.

«Бу хориждаги элчихоналаримиз ва дипломатик ваколатхоналаримиз олиб борадиган ишларнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, қўшнилар билан шу борада ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, Европа давлатларида маданиятимиз ва тарихимизга мавжуд қизиқишлардан келиб чиқиб, кўргазмалар ташкил қилинмоқда. Кўп китоблар чоп этилмоқда. Театрларимиз Европада намойиш қилинмоқда ва маданиятимиз тарғиб қилинмоқда.

Бу энди маданий соҳадаги ишлар. Имиж кўп қиррали тушунча. Имиж давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини ҳам ифодалайди.

Баъзи давлатларнинг вакиллари лоббистларни топиб, уларга бир миллион доллар берсам, давлатимизнинг имижи эртага бутунлай бошқача бўлади, деб ўйлашади. Кўп пулдор давлатлар шундай ишлайди, кўп газеталарда улар ҳақида чиройли қилиб, расмлар билан ёзиб чиқишади. Лекин газетанинг бир чеккасида бу реклама экани ҳақида ҳам ёзиб қўйишади. Бундан амалий натижа бўлмайди. Бу нотўғри йўл.

Имиж яратиш жуда мураккаб иш. Ўз давлатини имижини мустаҳкам қилиш учун ҳар куни ишлаш керак. Бу худди катта иморатни ғишт устига ғишт қўйиб томини ёпиб қуришдек бир гап. Бу жуда катта сиёсат олиб боришга боғлиқ.

Бизнинг ҳамма элчихоналаримизда имиж яратиш, Ўзбекистон ҳақида, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳақидаги маълумотларни тарқатиш бўйича алоҳида дипломат мавжуд.

Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг имижи мустаҳкамланмоқда. Президент номига келаётган табрикномаларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида келтириб ўтилаётгани бунинг исботи», деган Абдулазиз Комилов.

У ташқи ишлар вазирлигининг асосий мақсади чет элдаги фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш эканини ҳам қўшимча қилиб ўтган.

«Аммо чет элда ўзбекистонликлар кўпайиб боряпти. Одамларимиз элчихона ва консулхоналаримиз фаолиятидан рози дея олмаймиз. Биз бу борада ишлаяпмиз. Консуллик ва уларнинг ходимлари сонини кўпайтирамиз. Уларнинг мулоқот маданиятини ошириб борамиз», дейди вазир.

Мавзуга оид