Жаҳон | 21:54 / 14.04.2017
41863
2 дақиқада ўқилади

АҚШ B61-12 атом бомбасини синовдан ўтказди

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари 14 март куни Невададаги Тонопа полигонида такомиллаштирилган B61-12 термоядровий бомбасини синовдан ўтказган. Бомба F-16C қирувчи самолётидан ташланган. Робинс авиабазаси сайтидаги маълумотга кўра, синов ядро портлашларини тақиқлаш тўғрисидаги халқаро шартномага биноан жанговар зарядсиз амалга оширилган.

Хабарда айтилишича, бу F-16C самолёти орқали илк синов бўлган. Келгусида бомбани B-2A, B-21, F-15E, F-16C/D ва F-16 MLU, шунингдек F-35 ҳамда PA-200 самолётлари орқали қўллаш режалаштирилган.

2015 йилнинг ноябрида АҚШнинг Невада штатида илк марта B61-12 бомбаси муваффақиятли синовдан ўтказилган эди. 

Модернизация қилинган B61-12 атом бомбаси ҳозирда АҚШ армияси қуролланишида мавжуд бўлган B61 туркумидаги B61-3, -4, -7, -10 ядро бомбаларининг ўрнини эгаллайди.

Такомиллаштирилган бомбанинг ишлаб чиқарилиши 2020 йилгача бошланиши режалаштирилган.

2020 йилдан B61-12 бомбаларини Европадаги ҳарбий базаларда жойлаштириш бошланади. Ҳозирги кунда ушбу базаларда бомбанинг эски модели сақланмоқда.

Бомбанинг янги модификацияси мақсадга жуда аниқ тушиши билан ажралиб туради. Бир неча километр баландликдан ташланган бомба кўрсатилган мақсаддан бир неча метрда тушиши мумкин. Бу асосан чуқур ер остида жойлашган, яхши ҳимояланган қўмондонлик бошқарув пунктларини йўқ қилиш учун мўлжалланган. Уларни фақат аниқ  тушган атом бомбаси ёрдамида йўқ қилиш мумкин.

Мавзуга оид